Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Президент қарори амалда: эксперт-криминалистика фаолиятига бағишланган халқаро анжуман

ИИВ Академиясида “Эксперт-криминалистика фаолияти: муаммолар, истиқболлар ва инновациялар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Гибрид форматда ўтказилган анжуманда ШҲТга аъзо мамлакатлар, шунингдек Туркия, Жанубий Корея, Италия, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Озарбайжон, Беларусь давлатларидан соҳа мутахассислари, маҳаллий ва халқаро экспертлар, хорижий ташкилотларнинг минтақамиздаги ваколатхоналари вакиллари қатнашди.

ИИВ Академияси бошлиғи Рустам Хатамов конференциянинг долзарб мақсади ва аҳамиятига тўхталиб, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга қаратилган изчил ислоҳотлар мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлашда, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишда мустаҳкам пойдевор бўлаётганини эътироф этди. Таъкидланганидек, бугунги мураккаб шароитда шахснинг ижтимоий хавфли қилмиш учун айблилигини исботлаш эксперт-криминалистика соҳасига инновацион ёндашувларни кенг татбиқ қилишни тақозо этмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг “Ички ишлар органларининг эксперт-криминалистика фаолиятини замонавий илм-фан ютуқларини кенг жорий этган ҳолда янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тизим самарадорлигини янги босқичга олиб чиқди.

Ишчан руҳда ўтган конференцияда эксперт-криминалистика соҳаси олдида турган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ахборот технологиялари бўйича ўринбосари Нажмиддин Тураходжаев, Беларусь Республикаси Давлат суд экспертизаси қўмитаси раиси ўринбосари С. Евмененко, Қозоғистон Республикаси ИИВ Ақтўбе юридик институти бошлиғи Н. Мухаметкалиев, Россия Федерацияси ИИВ Эксперт-криминалистика маркази бошлиғи В.Казьмин, шунингдек асосий маърузачилар доирасида БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси (UNODC)нинг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Ҳиндистон, Озарбайжон, Тожикистон давлатлари вакилларининг чиқишлари тингланди.

Эксперт-криминалистика соҳасида халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш, шахснинг ижтимоий хавфли қилмиш учун айблилигини судда илмий-техник жиҳатдан асосланган ишончли далиллар билан исботлаш жараёнларини такомиллаштириш, далилларни тўплашда замонавий фан ва техниканинг илғор ютуқлари, хусусан, криминалистик илмий усул ва воситаларни қўллаш, рақамли экспертиза имкониятларидан кенг фойдаланиш бўйича муҳим таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди.

Куннинг иккинчи ярмида анжуман қатнашчилари эксперт-криминалистика соҳасида қўлланилаётган махсус техника ва жиҳозлар, ИИВ Академиясида йўлга қўйилган замонавий таълим жараёнлари ҳамда ўқув-лаборатория хоналарини кўздан кечирдилар. Меҳмонларга соҳа учун кадрлар тайёрлаш истиқболлари ва Криминалистик экспертизалар кафедраси имкониятлари ҳақида маълумот берилди. Илмий-амалий конференция якунида иштирокчиларга сертификат топширилди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech