Қум остидаги бойлик: ноқонуний қазилган минглаб тонна олтинли тоғ жинслари аниқланди
Навоий вилояти.2025 йилнинг 27 октябрь куни бир гуруҳ шахслар томонидан Навбаҳор тумани “Сармишсой” тоғ тизмасида номаълум шахслар томонидан олтин изловчилар усулида, рухсатномасиз фойдали қазилмаларни ноқонуний қазиб олиш ва сунъий ҳовузлар ташкил этиш орқали қум таркибидан олтин ажратиб олиш фаолияти йўлга қўйилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув давомида 9 279,4 тонна тоғ жинси ҳужжатлаштирилиб, унинг таркибида тахминан 9 килограмм 928 грамм, қиймати 15,5 миллиард сўмлик олтин мавжудлиги маълум бўлган.
Юқоридаги ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 196²-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов жараёнида 9 нафар фуқароларга ЖКнинг 196² ва бошқа моддалар билан айблов эълон қилиниб, барчасига “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси танланган.
Шунингдек, жиноят ишини тергов қилиш жарёнида, юқоридаги ҳолат бўйича айбланувчи тариқасида жалб қилинган шахслардан бирининг ёнидан, 2025 йил 29 октябрь куни Кармана тумани ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир давомида, сотиш мақсадини кўзлаб 53,98 грамм “марихуана” гиёҳвандлик моддаси сақлаб келганлиги ҳам аниқланиб, ушбу модда ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.
Ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, юқоридаги ЖКнинг 196²-моддаси билан қўзғатилган жиноят ишига бирлаштирилган.
Олиб борилган тергов давомида Хатирчи туманида ҳам ноқонуний равишда олтин ажратиб олиш билан боғлиқ яширин фаолият фош этилган. Ўтказилган тинтувлар давомида минглаб тонна қум уюмлари аниқланиб, улар таркибида бир неча килограмм, умумий қиймати ўнлаб миллиард сўмлик олтин моддаси борлиги маълум бўлган.
2026 йил январь ойида ўтказилган тезкор тадбирларда яна бир неча ҳолат фош қилиниб, олтин зарралари мавжуд бўлган минглаб килограмм тош-қумни олиб кетаётган шахслар аниқланиб, ҳужжатлаштирилган.
Ҳозирда ушбу жиноят ишлари бир иш юритувига бирлаштирилган бўлиб, қимматбаҳо металлар миқдорини аниқлаш мақсадида тегишли суд-кимёвий экспертизалар тайинланган ҳамда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Тергов департаменти