Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Ўн учинчи палата (1-қисм)

Осмоннинг кўз ёшлари

Исмим Умид, туман марказида яшайман. Уйга кириб келарканман:

– Хотин, тушлик тайёрми? – дедим ошхонада куймаланаётган аёлимга қараб, у эса овқат солинган идиши-ни оғзини маҳкам бекитиб, менинг қўлимга тутқазди ва ёнига нон, олмалар ва чой солинган термосни ҳам берди.

– Дадамга салом айтинг, тезроқ тузалиб кетсин, –деди.

Мен тиббиёт бирлашмасининг учинчи қаватидаги ўн учинчи палатага келдим ва ичкарига кирдим. Хонага кирган заҳотим дори-дармонлар, қон ва озиқ-овқатларнинг аралашиб кетган ҳидидан беҳузур бўлдим. Хона икки томонида девор ёнига иккитадан каравотлар қўйилган ва хона жами тўрт беморга мўлжалланган. Хонанинг деразаси эшикдан кирганда қарама-қарши томонда кўчага қараган. Ўнг томонда дераза томондаги каравотда дадам ётибди, оёғи гипсланган, кирган вақтимда ухлаган экан. Дадамнинг каравотига тегиб турган эшик ёнидаги каравотда эса янги бемор келган экан. Бўш турган бу каравотга ҳам бемор келиб, хона беморларга тўлганди. Мен бу беморни танидим, у Нукус шаҳрига қатнайдиган такси ҳайдовчиси Вали ака эди. Эшикдан кирганда чап томонида ҳам иккита бемор ётибди, иккаласи ҳам йигирма беш-ўттиз ёшлардаги мен тенги йигитлар. Уч кундан бери қатнайман бу иккаласи гапирмайди, биттаси нуқул “Нима қилиб қўйдим”, йиғлайди, иккинчиси эса умуман гапирмайди, фақат битта нуқтага тикилганча ётибди, ҳатто унинг ёнига хабар олиш қариндошлари ҳам келганини кўрмадим.

– Ассалому алайкум, – дедим хонадаги беморларга.

– Ва алайкум ассалом, яхшимисан укам, – деди Вали ака менга.

Шу вақтда менинг овозимдан дадам уйғониб кетди ва ўрнидан туриб каравотга ўрнашиб ўтирди. Мен дадам билан саломлашиб, ҳол-аҳвол сўрашиб ўтирдик.

– Бу одам келганидан сўнг, ниҳоят гаплашадиган одам ҳам топилди, бўлмаса зерикиб кетган эдим, – деди дадам Вали акага ишора қилиб.

Мен дадамнинг гапини эшитдиму, Вали акага қараб:

– Вали ака, соғлигингиз яхшими? – дедим.

– Эй ука, асти сўрама, қовурғам синган, зўрға гапиряпман, оғрийди, – деди Вали ака ва дадамга юзланиб:

– Ака, сиз бу ҳолатга тушишингизга сабабчи ким ўзи, қандай аварияга учрадингиз?

– Бунинг сабабчиси қаршингдаги одам, ўз ўғлим, – деди дадам менга кулиб қараркан. Мен дадам: “Ўзингайтиб бер” деб қараб турганлиги учун ўзим гап бошладим.

– Биласизми, мен ва дадамнинг бир хил русумдаги машиналаримиз бор, ҳатто давлат рақамлари ҳам бирхил, фақат битта ҳарфи бошқача. Мен туман марказида яшайман, дадам эса қишлоқда. Ўша аварияга учраган кунимиз, мен қишлоққа дадам билан онамни кўришга бораётгандим. Қишлоқнинг ички тупроқ йўлидан машинамда ҳаракатланётгандим. Заҳкашнинг ёнида илон изи йўл бор, ёввойи ўтлар баланд ўсиб ётганлиги учун, қарама-қарши томондан машина келаётганлиги кўринмайди. Машинамда ҳаракатланиб борарканман, транспорт кам қатнайдиган йўлдан машина ке лаётганлигини кўрмадим, эътиборсиз кетаётгандим. Шу вақтда қаршимдан бир машина бирданига чиқиб қолди ва машинамнинг олд томони қаршимдаги машина ҳайдовчиси томон қаттиқ тегди. Машинадан тушиб қарасам тўқнашувдаги иккинчи машина дадамники, ичида эса...

– Ўша куни кампирим менга ўғлингизнинг келмаганига анча бўлди, бориб хабар олиб келинг деб, қоқ ўрик, мевалар, картошка, пиёз солиб мени ҳоли жонимга қўймай жўнатганди, ҳозир эса ўша нарсаларни кампи рим, келиним билан биргаликда ўғлимнинг уйида пишириб, касалхонага юборишяпти, – деди дадам кулиб.

– Бугун эрталаб ойим қишлоққа кетди, қорамоллардан ва деҳқончиликдан хабар олиш учун, – дедим дадамга.

– Ҳамма ҳайрон, шундай ҳам бўладими, кутилмаган жойда ота боланинг машиналари тўқнашса-я деб гапиришмоқда, – дедим ҳикоямни якунлаб.

– Сизга нима бўлди, укам, – деди дадам Вали акага юзланиб, Вали ака эса пастга бир неча сония қараб турди-да, оғир бир тин олиб, гапириб бера бошлади.

– Мени биласиз, марказга қатнайман ва мижозларимни манзилимга доим тез олиб боришга ҳаракат қиламан. Бундан қирқ бир кун бурун Нукус шаҳридан мижозларимни олиб туманимизга қайтиб келаётган вақтимизда постга келдик. Биласиз-ку ўша постда авариянинг аянчли қибатлари кўрсатилган плакатларбор. Мен катта тезликда ҳаракатланиб келаётганлигим сабабли ёнимдаги ёши катта йўловчи менга:

– Ука, секинроқ ҳайданг, кўряпсиз авариялар кўп,постга ҳам расмни бекорга қўйишмаган, телевизорларда ҳам кўрсатишяпти деганди.

– Ака, мен бу йўллардан ўн беш йилдан бери юраман, кўзимни юмиб ҳам уйимизга бора оламан, – дедим.

– Кўза кунда эмас, кунида синади, деб бекорга айтишмаган, манзилга секин бўлса ҳам соғ ва омон етибборганимиз маъқул, – деди у.

Унинг гапларига менинг энсам қотди, бироқ тезликни камайтирмадим, Беруний туманига етиб келган вақтимизда, йўлнинг чеккасида бир Тико турганди, биз унга яқинлашаётган вақтимизда у бирдан йўлга чиқиб, орқага қайрилмоқчи бўлди, мен тормозни босдим, аммо катта тезликда бўлганлигим учун машинанинг олди билан Тико русумли автомашинанинг орқа эшик томонини уриб юбордим, тўқнашувда менинг машинамнинг олд буфери тушиб қолди, машина ичидаги йўловчиларга ҳам, менга ҳам ҳеч зиён етмади. Аммо Тико машинанинг орқа ўриндиғида ўтирган одамнинг боши жароҳат олиб, касалхонада вафот этди.

Вали ака охирги гапларини айтиб йиғлай бошлади, мен унга:

– Ака, тинчланинг, аварияга бир ойдан кўп вақт бўлган, яна ўзингизга ҳеч нима бўлмади дедингиз, бироқ қовурғангиз нимадан ва қачон синди унда? – дедим ҳайрон бўлиб.

– Ҳаммаси шундан бошланди, ука, ўша авариядан сўнг тергов ҳам бошланди, менга катта тезликда ҳаракатланганлигим учун, маъмурий жавобгарлик, Тико ҳайдовчисига эса йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузганлиги учун жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинди, иш йигирма кунда судга ошди. Тергов тамом бўлишидан олдин, терговчи менга вафот қилган одамнинг уйига боришимни ва маърака ва бошқа маросимларига ёрдам беришимни айтганди.

Мен терговчига “Ука, мен машинани бошқаришдаги тезлик учун жавоб бераман, нима учун боришим керак, сиз мени мажбурламоқчимиз” дедим. Тўғри, мен буни айтмоқчимасдим, ёнимда юрган танишим менга шун дай деб гап ўргатганди. Ўша Маъмур исмли терговчи менга: “Гап айбдор ёки айбсизликда эмас, инсофда, гап виждонда, ахир қон тўкилди, ўша одамнинг фарзандлари отасидан, турмуш ўртоғи эридан, оила таянчидан айрилди-ку. Ҳа, сиз мажбур эмассиз, бироқ ёрдам бериш бу сизнинг виждонингизга ҳавола, – деганди.

Вали ака кўзларини юмиб бир неча сония турди ва гапида давом этиб:

– Мен ноинсоф эса уни тингламадим, ўзимни ҳақ билдим, ўзим ҳам ўша одамнинг ўлимига сабабчи бўлганлигимни билдим. Шундан сўнг суд бошланди, тергов тамом бўлганидан сўнг, суд ҳам йигирма кунга чўзилди, суднинг охирги кунига, яъни кеча эрталаб мен Беруний туманига акамни ҳам олиб кетдим. Сабаби суднинг сўнгги куни мени вафот қилган одамнинг фарзандлари дўппослашини ўйлаб, мени ҳимоя қилади деб акамни ҳам ўзим билан бирга олиб боргандим. Суд бўлаётган барча кунлари вафот қилган одамнинг аёли мени роса қарғади, суддан мени ҳам қамоққа олишларини сўради...

Вали ака бир оз гапирмай турди ва сўнг яна гапида давом қилди, Айниқса, ўша охирги суд куни мен қаттиқ қарғади, у судда Тико ҳайдовчисига даъвоси йўқлигини, у қамоқда бўлса ҳам унинг бутун оила аъзолари унга ёрдам берганлигини, дафн маросимларини ўтказиб берганлигини, оғир кунида таянч бўлганлигини айтди, бироқ мени бармоқлари билан кўрсатиб,

– Бу ноинсоф ҳатто ёнимга келиб, кечиринг деган сўзни ҳам айтмади, балки қонун бўйича бизни Тикосида олиб кетаётган Асад ака айбдордир, бироқ сен диёнатда айбдорсан, сени худога солдим, бу сўзларимни суд ҳукмига ҳам киритинг, – деди ўша бечора аёл йиғлаб.-

– Мен индамадим, тилимни тишлаб олганмидим, нима бўлди менга билмайман бир оғиз сўз айтолмадим, қадамларим оғирлашиб кетди, ўша аёлнинг фарзандларининг менга қараб турган кўзлари, менинг юрагимни тешиб юборди, бироқ мен ноинсоф индамадим. Суд тугади, Тико ҳайдовчисини суд залидан озод қилишди, у чиқди, фарзандларини бағрига босди, бироқ менга бир оғиз ҳам гапирмади. Суд тугаганидан сўнг такси машинасида акам билан уйга қайтаётган эдим. Шу вақтда қарама-қарши томондан катта тезликда бир машина келаётганди, биз ўтирган такси ҳайдовчиси қўрқиб кетиб, рулни ўнг томонга буриб юборди, машина йўлдан чиқиб кетиб ағдарилди ва захкашга тушиб кетди. Мен машинадан бир амаллаб чиқдим, қовурғам қаттиқ оғриди, акамни эса... Акамни эса машинадан олиб чиқишганда кеч бўлган эди, у аллақачон ҳаётдан кўз юмган экан. Кеча тушлик вақтида мен билан бирга суд биносида эди, энди бу ҳаётда йўқ. Энди нима қиламан, ўша аварияда мен ўлиб кетсам бўлмасмиди…

Вали ака индамай ўйланиб қолди, мен унга қараб “Қон тутибди-да” деб хаёлимдан ўтказдим. Шу вақтда ичкарига бир йигит кириб келди, қўлида сумка, бу йигит хонага кириб келиб, барча билан саломлашди ва Вали акага қараб:

– Ака, мени танидингизми? Мен терговчи Шамурадов Маъмур бўламан, –деди у.

Мен дарров Вали акага қарадим, у кўзларини терговчининг кўзларидан олиб қочиб, гўёки терговчи айтадиган сўзларига қандай жавоб беришни ўйлар, бу жавобни эса хонанинг пастидан, бурчакларидан қалбининг энг тўридан излаётгандай эди. Мен уларни ёлғиз қолдириб хонадан чиқиб кетдим.

Бир оз вақт ўтиб терговчи ўн учинчи палатадан чиқиб кетганидан сўнг, мен қайта хонага кирдим. Вали аканинг тўғрисидаги, учинчи бемор, тез-тез “Нима қилиб қўйдим” деб йиғлаётган йигит, ўзининг қай аҳволга тушганлигини ҳикоя қилиб бера бошлаган экан.

(Давоми келгуси сонда)

 

Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси бошлиғи

            Равшанбек Игамбердиев

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech