Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

КИМ ТОШ ОТДИ?

Ўзидаги нуқсонни фазилатга айлантира олиш

санъати, айниқса, қадрлидир. Тепакал Цезарь

бошига доимо дафна дарахти япроғидан

ясалган тож кийиб юрган.

                                                                        Грасиан

Мана ниҳоят орзиқиб кутган дамларим келди, Ички ишлар вазирлиги академиясини тамомлаб, терговчи бўлдим. Мен, лейтенант Мансур Бекмуратов. Ўзимни бундай таништириш одамга бир олам ифтихор туйғусини бағишларкан. Касбимни ҳалол ва виждонан бажариш ҳақидаги ўйларим бошлиқнинг чақирувидан бўлиниб кетди.

– Бу иш сенга, Бекмуратов, қасддан енгил тан жароҳати етказилган, жабрланувчининг кўзи ожиз экан, – деб қўлимга жиноят ишини тутқазилди.

Иш билан танишиб чиқарканман, шошиб қолдим. Сабаби жабрланувчининг кўзи ожиз, бир метрдан узоғини кўрмайди. Ёлғиз яшайди, на яқинлари, на қариндошлари бор. Давлат томонидан уни моддий аҳволини яхшилаш ва уй билан таъминлаш мақсадида, кўзи ожизлар жамияти биносининг бир қисми, уй тариқасида берилган. Гувоҳларнинг кўрсатмаларига кўра, у шу идора юраркан, берилган уйга қаноатланмай, бинонинг қолган қисмини ҳам унга беришларини талаб қилган, шикоятлар ёзган. Ўзининг ногиронлигини рўкач қилиб, ҳеч кимга тинчлик бермаган. Ҳодиса бўлган куни бинонинг қолган қисмини ҳам беришни талаб қилиб, бино раҳбари билан жанжаллашган. Экспертиза хулосасида бошининг тепа олд қисмида жароҳат борлиги қайд қилинган. Тош ашёвий далил сифатида ҳодиса жойидан олинган, бироқ унда бармоқ излари йўқ. Жабрланувчи ўз кўрсатмасида эрталаб бинода вақти кўзи ожизлар жамиятининг раҳбари унга бақирганлигини, бино ичида бошқа кўзи ожизлар ҳам бор эканлиги, ташқарига чиққанидан сўнг бошига кимдир тош отганлигини ҳақида қўрсатма берган.

Тошни ким отган ёки у билан ким урган бўлиши мумкин? Бу саволга жавоб топиш осон эмас деб ўйладим. Жабрланувчини яна сўроқ қилдим, у ўзини жиззаки ва жабрдийда қилиб кўрсатишга уринар, бир қарасанг мулойим бўлиб дунёнинг барча мусибатнинг унинг бошига тушгандай ҳасрат қилар, бир оловдай ёниб кетарди.

– Кимдан гумонингиз бор? – деб сўрадим.

– Буни ўша жамиятнинг раҳбари қилган, аниқ унинг иши. У мени ўлдирмоқчи бўлган. Чунки мен унинг устидан тинмай шикоят қилардим, нима қилиб бўлса ҳам у менга бинонинг қолган қисмини бермасликка ҳаракат қиляпти!

Мен ҳам шу одамдан гумон қилдим, бироқ гувоҳлар­нинг кўрсатмалари ва тўпланган далиллар буни тасдиқ­ламади.

– Кечирасиз, бироқ жамият раҳбари сиз айтган вақт­да, яъни сизга тош отилган пайтда, бинонинг иккинчи қаватида кўзи ожизлар ва бошқа одамлар билан суҳбатлашиб турган. Улар сизни бақир-чақирингизни эшитган. Тошнинг овозини ва сизнинг “вой-вой”лаган вақтингиз унинг ёнидаги одамлар билан бирга биринчи қаватга тушиб аҳволингизни кўришган ва тез ёрдам чақиришган.

– Айнан у келиб тош отиши шартмас-ку, кимгадир айттирган. Шериклари бўлган бўлиши мумкин. Кимгадир “заказ” қилган, хуллас, ўша одам отган, сенларни ишинг ўша жиноятчини топиш, нимага мендан сўрайсизлар, сендан тажрибали терговчи йўқми эзмаланиб, сўрамайдиган – деди ва яна нималарнидир гапириб кетди.

– Хўп, хўп, кечирасиз, албатта, сизга тош отган одам­ни топамиз, – деб амаллаб уни тинчлантиргандай бўлдим.

Демак, жамият раҳбари отмаган бўлса ким отган? Нима сабабдан отган? Менга олдин жўндай туюлган бу ишнинг жумбоққа айланаётганлигини кўриб хавотирлана бошладим. Жабрланувчининг исми Мардон, аммо уни ҳамма “Мардон жанжалкаш” деб чақираракан. Ўша ҳодиса бўлган вақтида пастки қаватга етти киши бўлган, барчасининг кўзи ожиз. Иккинчи қаватда тўққиз киши бўлган, улардан тўрттаси: кўзи ожизлар жамиятининг раҳбари, унинг битта ёрдамчиси ва иккита меҳмон. Пастки қаватдаги кўзи ожиз одамлар, бир хонада мусиқа эшитиб ўтиришган, шу сабабли бундан уларнинг хабари йўқ экан. Мен улардан биттаси, яъни Зафар ака билан суҳбатлашдим, анчайин бамаъни инсон экан.

– Айтинг-чи, сиз кимдан гумон қиласиз, тошни ким отган бўлиши мумкин?

– Биласизми, агар мен кўзим ожиз бўлмай ўша тош отган одамни кўрганимда ҳам сизга “кўрмадим” деган бўлардим. Бу одамга ўзим ҳам жон деб тош отардим. У мен билан ҳам жанжаллашган, балки мендан гумон қилгандирсиз, лекин кўзим кўрмайди, қандай унга тош отай? Бироқ бир кун аввал у қоровул билан ҳам жанжаллашган эди, балки қоровул бирор нарса билса керак, – деди Зафар ака.

– Мардон ака қандай инсон ўзи, бу инсонга ким қасд қилиши мумкин? – дедим.

–       Унинг қалб кўзи ожиз, – деди Зафар ака суҳбат­га якун­ ­ясаб.

– Ҳа... – дедим хаёлимдан ўтган фикрларга ошно бўлиб.

Маълум бўлишича, ўша куни қоровул тушлик олиб келиш учун уйига кетган экан. Қоровулнинг ҳам айби йўққа ўхшайди.

Хуллас, далиллар тўплаш мақсадида кўзи ожизлар жамияти биносининг атрофидаги одамларни йиғдим, улар билан суҳбатлашиб, мазкур ҳолатга алоқадор маълумотларга эга бўлишса, дарҳол хабар беришларини илтимос қилдим. Уларга телефон рақамимни бердим.

Идорага борган эдим, бошлиқ хизмат хонасига чақирди.

– Нима қилдинг жиноят ишини тамомладингми? – деди бошлиқ.

Уларга вазиятни тушунтириб бердим.

– Биласанми, жабрланувчи ёки айбдорнинг қандай одамлиги муҳим эмас. Агар у жанжалкаш бўлса ҳам жабрланган бўлса ҳам, адолатни тиклаши керак. Тергов маҳорат дегани, у оғир машаққат, изланиш ва тажриба талаб қилади. Сен ўзингни чиқарган қароринг билан кимнидир тақдирини ҳал қиласан. Агар адолатли қарор қабул қилсанг, демак, сен ўз касбингни устасисан, агар адолатсиз ва нохолис қарор қабул қилсанг, бунинг орқасидан нафақат бир шахс ва балки унинг оила аъзолари, бутун бир жамият жабр кўради, жамият эса адолатнинг борлигига шубҳа қилади, – деди бошлиқ.

Хизмат хонамда ўтирган пайтим қўнғироқ бўлди. Кўзи ожизлар жамияти биносининг олдида тан жароҳати олган одам билан боғлиқ ҳолат тўғрисидаги хабар бўлди, дарҳол манзилга бордим.

Гувоҳ йигитнинг ёнига бориб у билан суҳбатлашдим.

– Мен ўша куни ўзимча ҳазиллашиб, телевизорда кўрсатилаётган “Реал хит” кўрсатуви бор-ку, ўшанга юборса бўлади деб телефонимда тасвирга олиб турган эдим ва ёнимда дўстим Бахтиёр ҳам бор эди. Шу вақтда К.О.Ж биносининг олдида бир одам шовқин қилиб бақираётганлигини кўриб уни тасвирга олган эдим. Сўнг кеча ойим менга терговчи келиб маҳалламиздаги одамлар билан гаплашиб кетди, шу ерда бировнинг бошига кимдир тош отган экан, шу ҳақда эшитган ёки кўрган одамлар бўлса хабар берсин деб илтимос қилди деб айтгани учун онамдан рақамингизни олиб қўнғироқ қилган эдим. Бу воқеани дўстим Бахтиёр ҳам кўрди, – деди гувоҳ.

Мен шоша-пиша унинг телефонидаги тасвирни томоша қилдим. Тасвирни кўриб ҳайратда қолдим ва ўзимнинг телефонимга ўтказиб олдим. Жабрланувчи Мардон билан учрашиш учун ёнига бордим. Унга:

– Сиз нимага бинонинг деразасига қараб тош отдингиз?

– Мен отмадим...

– Гувоҳлар ва видеотасвир бор! – дедим овозимни қатъий қилиб,

– Жаҳлим чиқиб, адолатсизлик бўлаётгани учун, деразанинг шиша ойнасини парча-парча қилмоқчийдим.

– Сизга ким тош отганлиги маълум, – дедим.

– Ким экан у, айтинг менга тезроқ?

– Бу сиз! Ўзингизга ўзингизга тош отгансиз!

Унинг ёнида кетар эканман, қўлимдаги телефондаги тасвирга яна бир бор қарадим. Унда Мардон бинодан чиқиб, ердан тош топиб олиб, дераза томонга қарата отган, деразага яқинда қўйилган темир панжарага теккан тош эса қайтиб келиб унинг бошига теккан эди.

Шу вақтда ҳазрат Навоийнинг мисралари эсимга тушиб кетди.

Кимки фалак сори отар тошни

Тош ила озурда қилар бошни.

(Кимки осмонга қараб тош отса, ўша тош бошига тушиб уни ёради)

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech