Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Афсус...

 Мотам тутиш қайғуни ифода этса бўлди.

         Конфуций

Тошкент шаҳридан келаётган Ласетти автомашинаси салонидаги йўловчилар машина йўлга чиққанидан бошлаб ухлашаётганди. Олд ўриндиқдаги йўловчи туш кўряпти шекилли, алланималарнидир пичирлаб келди, кейин бирдан: “Гулим, мен сенга жигаримни бераман, хафа бўлма!” деди-ю, ўз товушидан уйғониб кетди. “Ялт” этиб ҳайдовчига қаради, бир оз жим туриб:

– Қаерга келдик? – деб сўради.

–Тўрткўлга кириб келяпмиз, – деди ҳайдовчи ва гапида давом этди, – нима гап, тинчликми, ука?

– Ҳа, тинчлик раҳмат.

Бу йўловчи ўттиз беш ёшлардаги Анвар бўлиб, у пойтахтдаги қурилишларда ишлаб, беш ой деганда уйи­га – оиласи даврасига қайтиб келаётганди. Анвар машина ойнасидан йўлга қараб келаркан, “Тўрткўл” ёзувини кўриб, уйига яқин қолганидан қувонди. Ўзининг никоҳ тўйини эслаб, ширин хотиралардан жилмайиб қўйди. Гулнора иккиси шу ердаги ҳайкал пойига гуллар қўйишган, барча танишлар, дўстлар шу ерда иккала ёшга бахт тилашганди. Ширин хотиралардан жилма­йиб келаётган Анварнинг кўзларига туман тиббиёт бирлашмаси ёнидан ўтишаётганда аллақандай маъ­юслик ва совуқлик қалқди. Сўнгги икки йил ичида бу касалхонага неча маротаба кириб чиққанини санаса, адашиб кетади.

“Сўнгги икки йил... Менинг умримни, бахтимни, ҳаётимни барбод қилмоқда”... – деб пичирлади йигитнинг лаблари.

Бундан икки йил аввал, Гулноранинг қорнида қаттиқ оғриқ турди. Анвар уни касалхонага олиб келди. Олдин ҳам бир неча маротаба ана шундай ҳолатларда, Гулнора дори ичиб, касалхонага боришдан бош тортарди. Бироқ, охирги оғриқ қаттиқ бўлганлиги боис, Анвар аёлининг қаршилигига қармасдан касалхонага олиб келди. Шифкорлар Гулноранинг дардига “Жигар циррозининг учинчи босқичи” ташхисини қўйишди. Шу икки йилдан бери Гулнорани даволатиш учун қўлидан келган барчасини қилди. Бироқ, оғир дардга йўлиққан Гулнорага ҳеч нарса фойда бермаяпти. Олдин бор топганини Гулноранинг даволаниши учун сарфлаган Анвар, пули тамом бўлгач, уйининг шифери, эски буюмлар, мол-ҳолларигача сотди. Кейин Тошкентга ишлагани кетиб маошини ойма-ой Гулнорага жўнатиб турди.

                        

* * *

 Анвар уйига кирди. Кирган заҳоти тўртинчи синфда ўқийдиган ўғли Валибек “Дадам келди” деб  унинг бўйнига осилди. Орқасидан қизи Хосият ҳам югуриб келди. Ошхонада куймаланиб юрган Гулнора эрига қараб жилмайиб салом бераркан:

– Йўлда қийналмасдан келдингизми? – деди меҳрибонлик билан.

Гулнора жилмайиб турган бўлса ҳам унинг сарғайиб кетган юзини кўриб, Анварнинг юраги эзилди. Бунинг устига Гулноранинг кўзлари ичига кириб кетган, яна озиб ҳам қолган эди.

– Дориларинг борми?

– Ҳа, бор.

– Телевизорни қанчага сотдинг? – деди Анвар телевизор турган жойнинг ўрнига қараб.

Гулнора унинг “телевизорни сотиб пул қил” деган гапларига зўрға кўнган эди.

–Яхши нархда сотдим, ўзингиз қийналмадингизми? Энди нима қилмоқчисиз?

–Дўстим Аҳмад билан гаплашиб қўйдим, иккаламиз эртадан лойсувоққа чиқамиз.

– Ҳали ҳаво совуқ-ку, яна шунча ишлаб чарчаб келдингиз, бир-икки кун дам олиб кейин чиқсангиз бўлмайдими?

– Ҳозир Аҳмад билан чиқмасам, эртага ўрнимга бошқа одам чиқиши мумкин.

Тун оғиб, хонада иккиси ёлғиз қолишган маҳал Гулнора Анварнинг қўлидан ушлаб:

– Сизга бир нарса айтмоқчиман, – деди.

– Айт!

– Энди дори ва касалхоналарни йиғиштирсакмикан дейман. Барибир, фойдаси бўлмаяпти. Шифкорлар онамга икки ёки уч йил умрим қолганини, бу дори-дармонлар фақат дардни сал узоқлаштириб туришини айтишибди.

– Жиннимисан?! Сени албатта даволатаман. Хосиятни узатамиз, Валибекни уйлантириб келин туширамиз ҳали. “Яхши ният, ярим давлат”, дейишган.

–Ҳамма нарсамизни, уйнинг шиферлари-ю, молларимизгача сотиб бўлдик. Бу кетишда мени даволатаман деб, уйдан ҳам айриласиз, ахир!

– Бўлмағур гапларни валдирама!

– Фарзандларимиз эртаси учун ҳам пул керак-ку!

– Мен ишлайман...

– Анвар, энди кеч қолдик...

– Бас қил!

Гулнора йиғлай бошлаганди, Анвар уни овутиб, бағрига босди....

Эртаси куни лойсувоққа кетгач, Анвар кечқурун анча ҳорғин ҳолда қайтиб келди. Кўзларини зўрға очиб ўтирган Анвар овқатни еб бўлгач ўтирган жойида ухлаб қолди.

Эртасига ишга бормади. Чунки дўстининг ёнига бошқа одам ишга чиққан экан. Бошқа иш топишини айтиб, бугун уйда бўлишини таъкидлади. Тушликкача акаси Рашидни кўриб келиш учун уйдан чиқди. Акасининг уйида алланечук бўлиб ўтирди. Акаси бирга тушлик қилишни айтган бўлса ҳам унамай, уйига шошилди.

Анвар йўлда келаркан, ўзига ўзи гапириб келди. “Нега, нега ахир? Нима гуноҳимиз учун бу аҳволга тушиб ўтирибмиз?! Бу лаънати касалликни нима учун даволай олишмайди? Нега кеч қолдик! Ё Худо, дардини берган Ўзинг, шифосини ҳам бер! Гулим сўлиб боряпти, Гулим, Гулим..”

Анвар уйи олдига келиб, ўғли Валибек ва қизи Хосият эшикни олдида турганини кўрди-ю сесканиб кетди. “Тичликмикан, бирор фалокат бўлдимикан?” деб ўйлаб қадамларини тезлатди.

– Нимага турибсизлар? – деди Анвар фарзандларининг ёнига келиб.

– Ойим эшикни очмаяти. Ё бирор жойга кетганмикин? – деди Хосият йиғламсираб.

Анвар чўнтагидан иккинчи калитни олиб, эшикни қулфини буради ва уйга секин кириб борди. Гўё оёғига тош боғлаб қўйгандек эди.

Анвар, Хосият ва Валибек хоналардан Гулнорани излай бошлашди. Анвар ётоқхонадан чиқаётганда ўғлининг: “Ойи!” деган чинқириғини эшитди.

Валибек омбор эшигини очиб қотиб қолганди. Анвар омборхонага югурди. Остона ҳатлабоқ тош қотди. Сўнг осилиб турган Гулноранинг оёқларидан қучоқлаб юқорига кўтарди.

– Нима қилиб қўйдинг, нима қилиб қўйдинг, нега бизни ташлаб кетдинг? – дерди Анвар хотинининг совиб қолган танасини қучоқлаб.

 Тезда етиб келган шифокорлар ва ички ишлар ходимлари воқеани ўрганиб, керакли ҳужжатларни расмийлаштиришди.

– Буни ўқидингизми? – деди ички ишлар ходимлари Гулноранинг жасадини суд тиббий экспертизага олиб кетишларидан сал аввал Анварга бир варақ қоғозни кўрсатиб. – Шу ерда турган экан, сизга ёзилган хат.

Анвар шкафда қолдирилган хатни кўрмаган эди. Қўллари қалтираб қоғозни олди. Таниш ёзувга кўзи тушди. Гулнораниг ёзуви эди бу. Эҳтимол, йиғлаб ёзган бўлса керак, хатнинг айрим харфлар сув теккандан доғ ҳолатига тушган эди.

«Анвар, мени кечиринг, мени севганингиз учун рахмат! Тақдирим сиздай инсон билан боғлаган Аллоҳимга шукр. Афсус, бахтимиз узоққа чўзилмади. Бироқ, шириндан-шакар икки фарзандимизни сизга қолдиряпман. Мени даволатиш учун ўзинингизни аямадингиз. Қийналдингиз, аммо буни менга билдирмасликка харакат қилдингиз. Сўнгги икки йилда сизни кўп қийнадим. Ўз жонига қасд қилиш гуноҳ, кечирилмас гуноҳ эканини биламан. Лекин мени тўғри тушунинг. Дўхтирлар айтганидек, бир йил ёки яна икки йил яшашим мумкиндир, бироқ, барибир охири маълум. Мен сўнгги юборган пулингизга ғишт олдим, улар товуқхонанинг ёнида турибди кўрдингиз. Сизга бу жўжалар учун алоҳида катак, деб алдаган эдим. Сандиқда кафанлик ва маракалар учун пул бор. Телевизорни ҳам сотмагандим, уни омборхонада шкафнинг орқасига беркитиб қўйибман. Фарзандларимизга ҳам мени қилган ишимни тушунтиринг. Мени кечиринг... Сизларни севиб қолувчи Гулингиз. Алвидо...»

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech