Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида Вазир ўринбосари Р.Ашроповнинг сайёр қабули бўлиб ўтди
Бугун, Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Р.Ашроповнинг фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш мақсадида Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида навбатдаги сайёр қабули бўлиб ўтди.
Қабул давомида жами 46 нафар фуқародан келиб тушган 38 та мурожаат кўриб чиқилди. Уларнинг 27 таси тергов ва суриштирув фаолиятига оид бўлиб, қолганлари терговга қадар текширув, ходимларнинг хатти-ҳаракатлари, жазони ижро этиш ҳамда бошқа масалаларни ташкил этди.
Қабул жараёнида Андижон вилоятида истиқомат қилувчи бир нафар фуқародан аввал йўллаган мурожаати ижобий ҳал этилгани муносабати билан миннатдорчилик хати ҳам келиб тушди.
Шунингдек, сайёр қабул давомида вазир ўринбосари ҳамда масъул раҳбар ва ходимлар томонидан фуқаролар билан тўғридан-тўғри очиқ мулоқот ўтказилди. Натижада мурожаатларнинг 7 таси жойида ижобий ҳал этилди, 5 таси бўйича ариза муаллифларига малакали ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Қолган 26 та мурожаат қўшимча ўрганиш талаб этганлиги сабабли белгиланган тартибда ижрога йўналтирилиб, уларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва холисона кўриб чиқилиши назоратга олинди.
Аҳоли билан бундай очиқ мулоқотлар ва шахсий қабуллар тизимли равишда давом эттирилмоқда.
Тергов департаменти