Жиноят ишлари бўйича халқаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги сўровномаларни юбориш ва ижро этиш амалиётидаги хато ва камчиликлар таҳлилига бағишланган навбатдаги ўқув семинари ўтказилди
Жорий йилнинг 28 февраль куни Тергов департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмаларида хизмат қилиб келаётган суриштирувчи ва терговчилар иштирокида “Жиноят ишлари бўйича халқаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги сўровномаларни юбориш ва ижро этишда йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар таҳлили” мавзусида ўқув машғулоти бўлиб ўтди.
Мазкур ўқув семинари халқаро ҳамкорлик доирасида жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам сўровларини расмийлаштириш, юбориш ва ижро этиш амалиётини такомиллаштириш, шунингдек амалиётда учраётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида ташкил этилди.
Машғулот давомида халқаро топшириқларни тайёрлашда процессуал талабларга қатъий риоя этиш, ҳужжатларни тўғри ва тўлиқ расмийлаштириш, белгиланган муддатларга амал қилиш ҳамда хорижий ваколатли органлар билан самарали ҳамкорликни таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Машғулот давомида асосий урғу ходимлар томонидан йўл қўйилаётган хатоларга берилиб, мисоллар ёрдамида таҳлил қилинди ва уларни бартараф этиш бўйича аниқ топшириқлар қўйилди.
Бундан ташқари, иштирокчиларга халқаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги миллий қонунчилик ва халқаро шартномалар талаблари тушунтирилиб, топшириқни асосли ва сифатли тайёрлашда аҳамият берилиши лозим бўлган ҳолатларга тўхтаб ўтилди.
Мазкур ўқув семинари тергов фаолиятида халқаро ҳамкорлик самарадорлигини ошириш, иш сифатини юксалтириш ҳамда йўл қўйилаётган камчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Тергов департаменти