Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Олтинкўл туманида содир этилган жиноят сабаблари кенг жамоатчилик билан муҳокама қилинди

Олтинкўл тумани Уйшин МФЙда Андижон вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари-Тергов бошқармаси бошлиғи Я.Aбдулхаков, вилоят прокуратураси,  жамоат ташкилотлари, маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда 2020 йил 23 июнь куни, туманда содир этилган мудҳиш жиноят, унинг оқибатлари, жиноятни келиб чиқишига сабаб бўлган ҳолатлар атрофлича муҳокама қилинди.

Содир этилган жиноят тафсилотларига кўра, жорий йилнинг 23 июнь куни  соат 09:30 ларда  Уйшин МФЙда яшовчи фуқаро Н.Ж  бирга яшовчи акаси Х.Ю билан арзимас масала юзасидан гап тортишиб, ўзаро жанжаллашишган. Жанжал вақтида Х.Ю укаси Н.Ж.ни челак билан уриб юборади. Бундан ғазабланган Н.Ж  ошхонада бўлган хўжалик пичоғини олиб чиқиб,  акасининг ўнг кўкрак қисмига бир маротаба пичоқ уради. Натижада, Х.Ю.га шифохонада кўрсатилган тез-тиббий ёрдамга қарамасдан у вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Олтинкўл тумани прокуратураси томонидан  шу куннинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Йиғилишда сўзга чиққанлар, ушбу жиноятнинг содир этилишига асосан масъул ходимларнинг бефарқлиги сабаб бўлганлигига урғу  қаратишди. Атроф-муҳитга лоқайд ва бепарво муносабат туфайли шундай мудҳиш жиноятлар содир этилаётганлиги ўкинч билан тилга олинди. Шунингдек, кичик низоларга ва ўзаро тортишувларга гувоҳ бўлаётган пайтда атрофдагиларнинг мажбуриятлари, тинчликни сақлаш олдидаги вазифалари, зудлик билан  ўша ҳудудда хизмат олиб бораётган профилактика инспекторига хабар қилиш ҳамда бошқа бир қанча мавзуларда сўз юритилди.

Бундан ташқари, ҳар бир фуқаро бундай салбий ҳолатларни содир бўлишини томошабин бўлиб кузатиб туриши эмас, балки уни олдини олишга чин дилдан ҳаракат қилиши шартлиги, ўзининг огоҳлиги ва  ҳушёрлиги билан масъул эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Муҳокама якунида  мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ва унинг салбий оқибатларини бу жойда иштирок этганларнинг барчаси оила аъзолари, қариндош уруғлари ҳамда таниш-билишларига ибрат олиш мақсадида етказишлари кераклиги айтилиб, бу борада тегишли мутасаддиларга муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech