Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

ДАХЛДОРЛИК ҲИССИ БИЛАН

Бугунги кунда барча соҳаларда малакали кадрлар жамият тараққиётини белгиловчи асосий кучга айланди. Хусусан, ички ишлар органлари тизимида ҳам ходимлар етарли билим ва тажрибага эга бўлиши, фуқаролар билан муомала маданиятини ошириши, зиммасидаги масъулиятли вазифани виждонан бажариши асосий талаблардан этиб белгиланди.

Ана шундай малакали, замонавий фикрлайдиган, жонкуяр соҳа фидойиларидан бири ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти Жиноятларни тергов қилиш бошқармаси коррупция, фирибгарлик ва иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларни тергов қилиш бўлимининг ўта муҳим ишлар бўйича терговчиси, полковник Хуршид Якубовдир.

ИИВ Академиясининг бакалавр ва магистратура босқичларини муваффақиятли тугатган лавҳамиз қаҳрамони, мана 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида айнан тергов соҳасида самарали хизмат қилиб келмоқда. У ҳар қандай қонун бузилиши ҳолатларига нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш, мураккаб ва кўп ҳажмли жиноят ишларини сифатли тергов қилиш, очилмай қолган жиноятларни фош этиш, жабрланувчиларга ва давлатга етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш чораларини кўряпти. Бу борада бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилмоқда.

Ўтган 2023 йил давомида Х.Якубов томонидан раҳбарият назоратида бўлган, вазирликнинг қуйи тергов тизимларида кўп йиллар давомида ўз эчимини топмасдан фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиб келаётган мураккаб ва кўп ҳажмли жами 8 та жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилди. Жумладан, 14 нафар шахсга нисбатан 5 та жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари тамомланиб, якуний қарор қабул қилиниб, фуқароларнинг давлат органларидан розилигига эришилган. Шунингдек, 5 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланиб, уларга нисбатан «қамоққа олиш» ҳамда 1 нафар шахсга нисбатан «гаров» тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган. Бундан ташқари, айбдор шахслар томонидан фуқаролар ва давлатга етказилган жами 10 миллиард сўмдан ортиқ зарарнинг 80 фоиздан ортиқроғи қопланган.

Ўқитувчилар оиласида дунёга келганман. Ота-онам бизларни эл-юрт корига ярайдиган инсонлар қилиб вояга етказишган. Бизлардаги Ватан, халқ тақдирига дахлдорлик ҲИССИ билан яшаш, бурчга садоқат, ҳалоллик каби фазилатлар оилада шаклланган, – дейди полковник Хуршид Якубов.

Дарҳақиқат, лавҳамиз қаҳрамони фаолияти давомида қандай ютуқларга эришган бўлса, буларнинг барчаси ота-онасининг тарбияси, дуолари шарофатидан. Қолаверса, бунда йиллар давомида тўплаган ҳаётий тажрибаси, эгаллаган касбий билим ва кўникмалари ҳам асқатмоқда.

Энди ўзи ҳам турмуш ўртоғи билан биргаликда тўрт нафар фарзандини ота-онасининг йўриғида тарбияламоқда.

Шоҳрух АБДУСАЛОМОВ, капитан.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech