Бухоро вилояти ИИБ раҳбариятининг шахсий қабулида 40 га яқин мурожаатлар кўриб чиқилди
Бухоро вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари — Тергов бошқармаси бошлиғи иштирокида ўтказилган навбатдаги қабул фуқаролар билан очиқ мулоқот қилишнинг ёрқин амалий ифодаси бўлди. Ушбу жараёнда ҳар бир масалага инсон тақдири нуқтаи назаридан ёндашилиб, аҳолининг қонуний манфаатларини таъминлаш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бош мақсад қилиб олинди.
Самимий руҳда кечган тадбирда 40 га яқин фуқароларнинг мурожаатлари батафсил эшитилди. Ушбу мулоқот майдони одамларни безовта қилаётган турли муаммоларга қонуний ва тезкор ечим топиш имконини берди.
Қабулга келганларнинг аксарияти фирибгарлик ҳолатларидан жабр кўрган ва ўз мулкини қайтаришда амалий ёрдам сўраган фуқаролар бўлди. Бундан ташқари, терговга қадар текширув ҳамда дастлабки тергов жараёнларининг холислигини таъминлаш, оилавий келишмовчиликлар, шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлиги масалаларига оид эътироз ва таклифлар чуқур таҳлил қилиниб, қонуний тушунтиришлар берилди.
Мулоқотнинг эътиборли томони шундаки, билдирилган муаммоларнинг аксарияти раҳбариятнинг аралашуви билан шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш ва ҳуқуқий баҳо бериш талаб этиладиган мураккаб ҳолатлар юзасидан тегишли соҳавий хизмат раҳбарларига аниқ топшириқлар берилиб, уларнинг ижроси алоҳида назоратга олинди.
Очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида ташкил этилган бу каби сайёр қабуллар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг амалий намунаси ҳисобланиб, халқ ҳамда давлат идоралари ўртасидаги ишончни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тергов департаменти