Бухоро вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан фуқаролар учун шахсий қабул ўтказилди
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида аҳолини қийнаётган ҳуқуқий ва ижтимоий масалаларга тезкор ечим топиш мақсадида навбатдаги шахсий қабул ташкил этилди. Вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари — Тергов бошқармаси бошлиғи томонидан ўтказилган ушбу мулоқотда асосий эътибор фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилди. Учрашувда фуқаролар ўзларини қийнаётган муаммолар юзасидан бевосита раҳбариятга юзланиш имконига эга бўлдилар.
Қабул жараёнида 30 дан зиёд фуқаронинг мурожаати бирма-бир тингланди. Уларнинг аксарияти тергов ҳаракатларида холислик ва адолатни таъминлаш, фирибгарлик ҳолатлари оқибатида кўрилган моддий зарарларни ундириш, ишга кириш, шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлигига оид масалалардан иборат бўлди. Мутасаддилар томонидан ҳар бир мурожаатчининг масаласи диққат билан ўрганилиб, уларга амалдаги қонунчилик асосида батафсил ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Мулоқот натижасига кўра, тезкор ҳал этиш имкони бўлган қатор мурожаатлар шу жойнинг ўзида қаноатлантирилиб, муаммолар бартараф этилди. Қўшимча ҳуқуқий текширув ва чуқур ўрганиш талаб этиладиган мураккаб ҳолатлар эса алоҳида назоратга олинди. Мазкур масалалар юзасидан соҳа масъулларига аниқ муддатли кўрсатмалар берилиб, ижроси қатъий назоратга олинганлиги таъкидланди. Бу каби очиқ учрашувлар фуқароларнинг сарсон бўлишининг олдини олиш билан бирга, жамиятда адолат ва қонун устуворлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти