Қаровсиз қолдирилган автомашина жиноят объектига айланди
Самарқанд вилояти. Жорий йилнинг 10 ноябрь куни Самарқанд тумани ИИБга келиб тушган хабарга кўра, туманда яшовчи, 2005 йилда туғилган фуқаро Ж.Л. ўзи бошқарувидаги «ВАЗ-2106» русумли автомашинани «Кунлик ишчилар маркази» ёнига қаровсиз, эшикларини қулфламасдан қолдириб кетган. Ушбу ҳолатдан фойдаланган номаълум шахс автомашинани олиб қочган.
Мазкур хабар юзасидан тергов-тезкор гуруҳи ҳодиса жойига чиқиб, воқеа жойини кўздан кечирди. Шунингдек, атрофдаги биноларга ўрнатилган кузатув камераларидаги ишга алоқадор видеотасвирлар процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Ички ишлар органлари ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу жиноятни муқаддам икки маротаба судланган, 2002 йилда туғилган фуқаро М.Ж. содир этганлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан М.Ж.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар ўз мулкингизни хавфсизлигини таъминлаб, транспорт воситаларини қулфланган ҳолда махсус белгиланган жойларда қолдиришингизни тавсия этамиз.
Тергов департаменти