Навбатдаги ўқув-семинар машғулоти ўтказилди
Тергов департаменти томонидан “Товламачилик жиноятларини тергов қилишнинг ўзига хос хусусиятлари, тайинланадиган экспертиза турлари, амалиётда юзага келаётган муаммолар, шунингдек, мазкур тоифадаги жиноят ишлари бўйича оқлов ҳукмлари чиқарилиши, хусусий ажримлар киритилиши ва жиноят ишларининг қўшимча терговга қайтарилишига сабаб бўлаётган омиллар таҳлили” мавзусида видеоконференцалоқа тизими орқали навбатдаги ўқув-семинар машғулоти ўтказилди.
Мазкур машғулот Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан ташкил этилди.
Семинарда Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси Шахсга қарши қаратилган жиноятларни тергов қилиш бўлими бошлиғи майор М.Э. Исроилов, Тергов бошқармаси катта терговчиси катта лейтенант М.Х. Қўқонбоев ҳамда адвокат У.Т. Турғунов мавзу юзасидан маърузалар қилдилар.
Ўқув машғулоти давомида мавзунинг долзарблигига алоҳида эътибор қаратилиб, товламачилик билан боғлиқ жиноятларни тергов қилишнинг ўзига хос хусусиятлари, жиноят содир этилишига сабаб бўлган омилларни аниқлаш, далилларни тўлиқ ва ўз вақтида тўплаш, зарур экспертизаларни тўғри тайинлаш ва уларнинг натижаларини баҳолаш, процессуал қоидаларга қатъий риоя этиш ҳамда тергов ҳаракатларини қонунчилик талаблари асосида амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Машғулотда Тергов департаменти ҳамда унинг қуйи ҳудудий бўлинмалари шахсий таркиби видеоконференцалоқа орқали иштирок этди.
Бу каби ўқув-семинар машғулотлари ходимларнинг касбий билим ва амалий кўникмаларини ошириш мақсадида тасдиқланган режа асосида мунтазам давом эттирилмоқда.
Тергов департаменти