Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Ижтимоий тармоқларда “блогерларга нисбатан ҳужум бошланди” сарлавҳаси остида тарқалган видеотасвир юзасидан маълумот

Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида ИИБ ходимлари томонидан “Сатторий Отабек” исмли блогернинг яшаш хонадонида тинтув ўтказиш юзасидан рухсат берилганлиги, унга нисбатан ходимлар “результат” учун биронта туҳматни қўйиш мақсадида ўз уйидан куч ишлатилиб босиб олиб кетилганлиги баён қилинган. Аслида воқеа қандай бўлган?!

2021 йил 29 январь куни Шеробод тумани “Қўрғон” МФЙда яшовчи фуқаро Лочин Т., ариза билан мурожаат қилиб, 2020 йилнинг декабрь ойида Шеробод туман ҳокимлиги томонидан у раҳбарлик қиладиган Шеробод туманида жойлашган “Чинора Гул барака” деҳқон бозорида озиқ-овқат ярмаркаси ташкил этиш топшириғи берилганлигини, ушбу ярмаркадаги камчиликларни бартараф этиш жараёнида ўзини “блогер Сатторий Отабек” деб таништирган шахс келиб, бозордаги ушбу камчиликларни қўл телефонига тасвирга олган ва 2021 йил 28 январь куни блогер Отабек унга қўнғироқ қилиб, бозорни видеотасвирга олиш жараёнида ўзи фойдаланиб юрган “RedMI-5” русумли уяли телефон аппарати синиб қолганлигини, агарда унга бир дона янги “Vivo-Х50” русумли уяли телефон аппаратини сотиб олиб бермаса, бозордаги салбий ҳолатлар туширилган видеотасвирларни интернет ижтимоий тармоғида тарқатиб юбориши билан таҳдид қилаётганлиги юзасидан “блогер Отабек Сатторийга нисбатан қонуний чора кўришларини сўраб, “блогер Отабек Сатторий” билан бўлган сўзлашувларни тақдим қилган.

Олиб борилган тезкор-тадбир давомида, фуқаро Отабек С. Лочин Т.дан  уйининг олдида товламачилик йўли билан махсус кимёвий ишлов берилган бир дона нархи 5.040.000 сўм бўлган “Vivo-Х50” русумли уяли телефон аппаратини олган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан фуқаро Отабек Сатторийга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган ва гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Шу ўринда, фуқароларимиздан асосланмаган хабарларни тарқатмасликларини, бу каби ёлғон хабарлар учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги  кодексининг 202-2-моддаси ва Жиноят кодексининг  244-6-моддаси “Ёлғон ахборот тарқатиш” каби маъмурий ва жиноий жавобгарликни келтириб чиқаришини эслатиб ўтамиз.

 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech