Хоразмдаги “самосуд” чи аёлларга хукм ўқилди
Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “б,г” бандлари (безорилик) билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида, Д.Каромат, Д.Олма, Д.Раъно ва Р.Наргизалар бир гуруҳ бўлиб, 2020 йил 9 июнь куни соат 22:40да, жамоат жойи ҳисобланган Қўшкўпир тумани “Оқдарбанд” қишлоғи ҳудудида жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан О.Ҳамидани Д.Кароматнинг ўғлининг оиласини бузганликда, уч нафар фарзанди етим қолаётганликда айблаб жанжаллашиб, уни уриб дўппослаб, жамиятга нисбатан очиқдан-очиқ хурматсизлик қилаётганлигини англаганликлари ҳолда Ҳ.Отаниёзовани кийимларини йиртиб, қўлларида бўлган таёқ билан танасининг турли жойларига уриб, қайчи билан сочларини кесиб ташлаб, қасддан безорилик жиноятини содир қилганлар.
Мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари ўтказилиб, тегишли тартибда айблов хулосаси билан судга юборилган.
Жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир тумани судининг ҳукмига кўра, Д.Каромат, Д.Олма, Р.Наргизаларга 1 (бир) йил 6 (олти) ой ва Д.Раънога 1 (бир) йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, жабрланувчи О.Ҳамиданинг уларга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги инобатга олинган.
Ҳурматли фуқаролар ўзингизни жабрланувчи ҳис қилиб айбланувчига айланиб қолманг, ўзингизга гўёки тегишли бўлган ҳақ ҳуқуқларни ўзбошимчалик билан амалга оширишга уринманг, ҳар қандай вазиятда ҳам тегишли давлат идораларига мурожаат қилишингиз сўралади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти