Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Жон ўғриси

 Ўғри мол ўғирласа, ичкилик жон ўғирлайди,

жамият аъзосини сафдан чиқариб ташлайди.

Абдулла Қаҳҳор

 

Мактабда таътил бошланиши эшитишлари би­ланоқ синфдошларининг юзида қувноқлик, хурсандчилик барқ урган. Уйида ота-онаси билан бирга бўлиш ҳамда шу каби ширин ҳаёллар оғушида уйларига боришарди. Ёлғиз Шарофатгина орқасида катта юк кўтариб бораётгандек, уйи томонга қараб секин қадам ташларди. Уйининг олдига борган Шарофат уйга киришга юраги бетламай, иккиланганича, уйнинг эшиги олдида туриб қолди.

– Уйга кирмайсанми?

Онасининг зардали овозидан ўзига келган Шарофат секин уйга кирди. Онасининг ёнидан ўтиб бораётганда, ундан анқиб турган ароқ ҳидидан кўнгли беҳузур бўлди. Шарофат кийимларини алмаштириб бўлгач, чойнакдаги совиб қолган чойга нон ботириб, тушлик қилди ва мактаб сумкасини кўтариб қўшни синфдоши Асалнинг ёнига кетишга тараддудланди. Ошхонада дадаси ва онаси доимгидек нимадир устида тортишаётганди. Дадаси маст ҳолда оёғида зўрға турар, онаси ҳам овозини борича шанғиллаётганди.

Онаси қўлида дадасининг сариқ ғилофли телефонни ушлаб олганича, телефонни экрани устида бармоқларини юритар. Телефоннинг махфий кодини очиб, уни ичини текширишга уринар, бироқ очолмасдан хуноб бўларди.

– Айтинг кодини, барибир очаман! – Кимга ёзаётгандингиз?

– Ҳеч кимга... Бер телефонимни!

– Бермайман, очиб СМСларини кўраман, сўнг бераман.

– Бер дедим!

– Бермайман!

Маст дадаси онасини изидан тентираб қувар, онаси эса хона ичидан у ёқдан бу ёққа қочар. Қўлида сариқ ғилофли телефонни ушлаганча тутқич бермасди.

– Яна бошланди, – деди Шарофат пичирлаб.

Икки ёшни қаршилаётган жажжи укаси шовқиндан уйғонган ва онаси билан дадасининг ҳаракатларига қараб, чинқириб йиғлай бошлади. Ниҳоят дадаси онасини ушлаб олди ва унинг қўлидан телефонни тортиб олишга ҳаракат қила бошлади. Онаси билан дадасининг кураш тушаётгандек ҳаракатлари ва шовқинга ўрганган Шарофат икки ёшли укасини опичлаб кўтарди. Онаси билан дадаси жанжаллашаётган хонадан олиб чиқди ва эшикни ёпиб, телевизор турган меҳмонхонага олиб кирди. Телевизорни қўйиб, овозини кўтарди ҳамда “Болажон” каналига ўтди. Укаси севиб томоша қиладиган мультфильмни қўйди. Укаси Хусниддин доим қаровсиз қолган вақтида, Шарофат оналарча меҳр ила уни кўтарган, тагликларини алмаштириб, музлаткичда турадиган сутини иситиб берарди. Ҳозир ҳам югуриб, музлаткичдан сутни олди, ошхонага кириб иситди. Гўдак чинқираётган бўлса-да, нариги хонадан маст эр-хотин жанжаллашаётган овозлари тинмасди.

Шарофат бешикда ётган укасига сутни бериб, икки оёғи устига ёстиқ қўйди ва укасини ётқизиб, ухлаб қолгунича тебратди. Укаси ухлаб қолганидан сўнг, секин уйдан чиқиб, синфдошининг уйига борди. Дугонаси билан иккови дарс қилиб ўтиришди. Дугонасининг дадаси Нодир уларга меҳрибонлик билан дарсларни тайёрлашда ёрдам берарди. Шарофат дугонаси Асалга ҳавас билан қаради. Асалнинг дадаси уларни ёлғиз қолдириб, хонадан чиқиб кетгач, Шарофат хаёл суриб қолди. Унинг хаёлларини Асалнинг:

– Таътил зўр-а! – деган сўзлари бўлди.

– Умуман зўрмас, менга ёқмайди.

– Нега? – деди Асал таажжубланиб.

– Сенга нимага ёқди, бу таътил? – деди Шарофат маъюслик билан.

– Чунки дадамнинг менга қарашга вақти кўп бўлади. Уйда ота онам билан кўп вақт ўтказаман. Шунинг учун ҳам хурсандман, – деди Асал кўзлари ёниб.

Шарофат индамади, у дарсларини қилиб бўлиб, кўчага чиқди ва уйга киришга юраги бетламасди. Энди буёғига таътил, дарс қилиш баҳонаси билан Асалнинг уйига боришга онаси рухсат бермайди. Шу ўйлар билан уйига етиб келганини билмай қолди.

Шарофат уйга кирган вақтида онаси кечки овқатни тайёрлаб дастурхонга қўйишга тайёрлаётганди. Хонтахта атрофида дадаси ва укаси ўтирганди. Дадаси музлаткичдан яримта бўлиб қолган ароқ шишани олди ва бир пиёлага ичди.

– Сиз ичсангиз мен ҳам ичаман!

– Сенга тушликда ичганинг етади! – деди Одил хотинига зарда билан.

– Ичаман! – деди Зарифа ва ўзининг пиёласига ароқ қуйиб ичиб юборди.

Эр-хотин бир бирга қасдма-қасд яримта шиша ароқни бўшатишди. Омборхонадан бир шиша ароқ олиб чиқиб, уни ҳам ичишди. Овқатланиб бўлгунича дадаси ва онаси хушчақчақ кулиб гапириб ўтиришди, сўнг эса бир бирини кинояли сўзлар билан сийлаб ўтиришди.

Шарофат онасининг нега ароқ ичишига тушунмасди. Уни оналар ҳам ароқ ичидами деган савол қийнарди. Дугоналарининг оналари умуман ароқ ичмасди. Ароқ ичиб ўтирган онаси ва дадаси кинояли гап сўзлари энди, даҳанаки жангга ўтганди. Шу пайт стол устида турган дадасининг сариқ ғилофли телефонига СМС хабар келган товуши эшитилди.

– Ўйнашингиздан келдими?

– Онангдан келди!

Одил телефонидаги СМСни ўқиди-да, бармоқлари билан экранда ҳаракатлар қила бошлади.

– Ўйнашингиздан келган СМСларни ўчиряпсизми?

– Ўчир!

– Беринг телефонни!

– Ишингни қил!

Шу пайт маст онаси дадасининг стол устига қўйган сариқ ғилофли телефонига қўл югуртирди. Дадаси бўлса телефони ушлаб ўзига тортди. Иккаласи телефонни икки томонидан қўллари билан торта бошлашди. Одил бир қўли билан телефонини ушлаб, иккинчи қўлининг мушти билан хотининг юзига ва турли жойларига уриб дўппослай бошлади. Хусниддин уларни кўриб чинқирганча йиғлади. Ўзлари ҳам калтак ейишини сезган Шарофат укасини даст кўтарди ва кўчага югурди...

 

 * * *

Ички ишлар ходимлари хизмат машиналарида кўчадан ўтиб бораётиб, кўча бошидаги бинонинг панасида ўтирган қизалоққа кўзи тушди. Қизалоқнинг ёнига боришганда, хаёл суриб ўтирган қизалоқ унинг ёнига одам келганини сезмай қолганди.

– Қизим қоронғу тушаётган бўлса-да ҳам нега кўчада ўтирибсан, исминг нима? – деди ходимлардан бири.

– Шарофат, –  деди қизалоқ қўрқув билан.

– Нега бу ерда ўтирибсан?

– Уйим яқин, ҳозир бораман, – деди қиз ва йиғлай бошлади.

– Нега йиғлаяпсан? Ўзимиз сени уйингга олиб борамиз, йиғлама сени хафа қилмаймиз.

– Амаки, сиз кетаверинг, ўзим бораман.

– Мактаб сумкангни ҳам ёнингда экан, ҳозир таътил-ку?

– ...

– Қизим, уйингда бирор муаммо борми, нега боришни истамаяпсан? – деди ходим.

– Кетаверинг, ҳозир бораман уйга... – деди Шарофат ва пиқиллай бошлади.

– Қара, ҳаво ҳам совуқ.

– Мактаб сумкамга иссиқ кийим солганман, – деди Шарофат ва сумкасидан енгил курткасини олиб, кийди ва сумкасидаги нон ва сувни пастга қўйди.

– Қизим бизга қўрқмай айтавер, ёрдам берамиз.

– Дадам билан ойим доим ароқ ичиб жанжал кўтаришади. Мени ҳам дўппослайдилар, – деди Шарофат йиғлашда давом қилиб.

– Йиғлама, йиғлама..

– Мен бунга йиғлаётганим йўқ. Укам Хусниддинни қаровсиз қолганига йиғлаяпман.

Ходимлар ичкарига киришган вақтида, эр хотиннинг жанжаллашаётганлиги устидан чиқиш­ди. Эр хотин билан узоқ суҳбатлашганидан сўнг улар агар бу ҳолат давом қилса, эр хотин иккаласини спиртли ичимликлар истеъмол қилишга муккасидан кетган шахсларни даволаш муассасасида мажбурий даволашларини тушунтиришди.

– Жанжал сабаби телефон экан. Нима телефонингизда сирлар борми? – деди ходимлардан бири Одилга пичирлаб.

– Йўқ.

– Унда беринг текширсин.

– Сўнг ўрганиб қолади, доим титкилайди.

– Менга беринг, мани бизни ёнимизда текширсин, сўнг унга гапирамиз. Бошқа бундай ҳолат бўлмаслиги керак, – деди ўзини Абдуллаев деб таништирган ходим.

– Хўп, олинг, – деди Одил ва телефонини Абдуллаевнинг қўлига тутқазди.

Шу вақтда жажжи Хусниддин Абдуллаевнинг қўлига ёпишди, дадасини телефонини қўлидан олишга ҳаракат қила бошлади, у нуқул:

– Бейинг, бейинг, дадам уяди... – дерди.

 

 Муаллиф: Равшанбек Игамбердиев

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech