Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Аёл ва жамият. Хизматида ҳар бир сўз аҳамиятли

— Узру, опа, менинг гиёҳвандлик воситалари савдосига умуман алоқам йўқ, бекорга шубҳаланяпсиз... — дея гумон қилинувчи ширинсўзлик билан ўзини оқлашга уринди.

Зангиота тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, подполковник Насиба Зокирова эса айбини беркитиш учун шу тахлит «ниқоб» тақиб оладиганларнинг асл қиёфасини уларнинг гап-сўзидан, нигоҳлариданоқ ўқий оладиган тажрибали терговчилардан биридир. Бироқ қонун олдида ҳар бир сўз ва ашёвий далил ўз исботини топиши шарт. Ушбу ҳолатда ҳам сертакаллуф гумон қилинувчининг яшаш хонадони ертўласидан тинтув вақтида топилган махсус қадоқдаги гиёҳвандлик воситалари барча ҳақиқатнинг фош этилиши учун етарли бўлди.

- Суриштирув жараёнларида бу каби вазиятларга тез-тез дуч келаман, - дейди подполковник Н.Зокирова. - Қилмишига яраша жазодан қутулиб қолишни кўзлаганлар шундай йўл тутади. Аммо мантиқий фикрлаш, ҳар бир сўзга синчковлик билан ёндашиш ҳақиқатни юзага чиқаради. Бундай вазиятларда терговчи нафақат билимдон, балки инсон руҳиятини тушуна оладиган зийрак психолог ҳам бўлиши керак, деб ўйлайман.

Ҳар бир касбнинг ўзига яраша машаққатли томонлари бор, албатта. Лекин унинг ортидаги виждон хотиржамлигини туйиш ҳам бир бахт. Айниқса, бу касб тарозиси инсон тақдири ва қонун устуворлиги билан ўлчанадиган терговчилик соҳаси бўлса.

- Яқинда йўлда бир нотаниш опанинг «Сиз терговчи Насибахонсиза», деган сўзларидан сергак тортиб, унга юзландим, - дейди лавҳамиз қаҳрамони. - Кутилмаганда ҳалиги опа «Сиз қизимнинг ҳаёти тўғри йўлга тушиб кетишига сабабчи бўлгансиз, раҳмат сизга», деса бўладими?! Уларни таний олмаганимдан бироз хижолат бўлиб турганимда, опанинг ўзи барчасини ёдимга солди. Унинг қизи Андижондан ўқишга кирдим, дея пойтахтга келган. Эҳтиёжлари учун пул топиш мақсадида кафега ишга кирган. Кейин осон ва кўпроқ пул топиш илинжида гиёҳвандлик воситалари савдосига аралашиб қолган. Ачинарлиси, вақт ўтиб гиёҳвандлик воситасини ўзи ҳам истеъмол қила бошлаган. Хуллас, қизнинг ҳаёти изидан чиқиб кетган. Суриштирув жараёнида унинг олий ўқув юртига ўқишга кирмагани ҳам маълум бўлган. Ва бундан қизнинг ота-онаси хабардор қилинган.

Опа қизи қилмишига яраша жазони ўтаб чиққанидан кейин катта ўзгариш бўлганини ҳам яширмади. Ҳозирда рисоладагидек ҳаёт кечираётганини мамнун бўлиб айтиб берди. Бир аёлнинг ҳаёти сув бир лойқаланиб тинганидек, изига тушиб кетганини эшитганимда, ич-ичимдан енгил тин олдим. Шу ўринда тажрибамга таяниб бир ҳақиқатни айтиб ўтишим керак. Кўпчилик ўз хатосини, айниқса, ота-оналар фарзандининг жиноят аломатлари бор қилмишини тушунишни хоҳламайди. Улар учун фарзанди гўёки «Бир стакан оппоқ сут». Аслида хатони беркитиш орқали эмас, унга етакловчи омилларни ўрганиш ва уларни таҳлил қилиб, қарши курашиш орқали тузатиш мумкин.

Хизматни бошлаган илк йилларда устози, истеъфодаги подполковник Фарҳод Муҳиддиновнинг «Қонун ҳимоячиси аввал ўзи қонуннинг мазмун-моҳиятини чуқур англаши лозим, ҳеч қачон ўз устингда ишлашдан эринма!», деган ўгитларини хизмат дастурига айлантирган подполковник Насиба Зокирова бугун ҳам ҳар бир қадамини масъулият билан ташлайди. Тиришқоқлиги ва ўзига нисбатан ниҳоятда талабчанлиги туфайли ҳозирга қадар унга ишониб топширилган жиноят ишларининг бирортаси суддан қайтмаган.

Ҳар бир ашёвий далил ортида аччиқ ҳақиқат ётади. Ана шу ҳақиқатни қарор топтиришдек оғир ва масъулиятли йўлда ҳар бир сўз аҳамиятли. Айнан шу жиҳатни лавҳамиз қаҳрамони ўз фаолиятининг мазмуни деб билади. Оила ошиёнида эса меҳрибон она ва буви сифатида дилбандларининг энг биринчи маслаҳатгўйига айланган. Қолаверса, набираси Уссоманинг ширин кулгуси, қизи Самия, ўғиллари Фарҳоджон ва Саидкомилнинг билим олишдаги тиришқоқлиги унинг ҳаёт саҳифалари янада мазмунли ёзилиши учун иштиёқ, ишонч манбайидир.

Тергов департаменти

Text to speech