Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Қотил

Чол-кампир бугун жуда хурсанд, уйда барча йиғилган. Катта ўғли, қизи ва набиралари уйга меҳмонга келишган. Набираларининг шовқини қулоқни қоматга келтирса-да, анчадан бери сукунат ҳукм сурган уйга ўзгача файз олиб келишганди. Ҳар ойда бир-икки маротаба фарзандлари набираларини олиб келишган вақтида, чол ва кампир хурсандчиликдан типирчилаб қолишар, бисотидаги бор нарсаларни дастурхонга тўкишарди.

– Шуҳрат ҳам бизнинг даврамизда ўтирса, тўғри йўлга кирса, бола-чақали бўлса армоним қолмасди, – деди кампир ва кўзларига ёш олиб йиғлашга тушди.

– Ойижон, доим дастурхонда ўшани исмини тилга олиб, кайфиятимизни туширасиз, қўйинг-да энди, – деди қизи.

– Тўғри, ойи ҳозир эсламайлик, – деди катта ўғли ҳам.

– Ёмон бўлса ҳам ўғлим, уни яхши бўлиб кетишига умид қилиб яшаяпман, – деди кампир йиғлаб.

Дастурхонга иссиқ палов келгач, ҳамма овқат уннади. Шу вақтда уйнинг эшиги очилиб, кўча томонидан Шуҳрат кириб келди. Шуҳрат саккиз йилга озодликдан маҳрум қилинган ва унинг қамоқда ўтирганлигига етти йил тўлганди. Шуҳратнинг ўзининг қилмишлари ва жиноятлари сабаб, деярли умри қамоқда ўтиб келаётганди. Бир неча бор қамалиб чиққан Шуҳрат охирги сафар танишини пичоқлаб қамалганди. Унинг дас­тидан барча қариндошлари ва қўшнилари безор бўлишган. Уни тўйларга ва бошқа маросимларга келмаслигига умид қилишарди. У келган жойда албатта кўнгилсиз ҳолат содир бўларди. Онасини, отасини ва акасини урган, ҳатто синглисига тажовуз қилган ёвуз кимса мақсадини амалга ошира олмаганди. Маст бўлса тўнғиздай ҳаракат қиларди. Синглисига қилган ҳаракатини барчадан сир тутишганди. Синглиси турмушга чиққан ўзи оиласи билан яшаса, акаси ҳам у билан жанжаллардан сўнг алоҳида уйга кўчиб ўтган, чол кампир эса Шуҳрат билан бирга яшашарди.

Тўсатдан кириб келган кутилмаган меҳмон Шуҳратни кўриб, барчанинг дили хуфтон бўлди. Шуҳрат уйга кириб келди-да, дастурхон ва унинг атрофидагиларга қараб:

– Ҳа, биз шунча йил қамоқда ўтириб “сюрприз” қилиб уйга қайтиб келсак, менинг оилам каминасиз зиёфат қилишса! Бу нима деган гап! Мени орқамдан бир маротаба келмагани акажоним, сингилжоним бу ер ўтиришибди-ю. Ура! Демак, мен шарафимга бўлмаган зиёфат учун келган, одамни қабул қилинг онажон...

– Ўғлим, нималар деяпсан, сени доим кутганмиз, ахир ўғлимсан, –  деди кампир ўғлини қучоқлашга уринди.

Шуҳрат эса онасини итариб юборди ва дастурхонга ўтирди. Кампир ўғлининг оғзини ароқ ҳиди анқиётганлигини сезди.

– Ўғлим дарров қаерда ичдинг?

– Она, мен чиққанлигим учун ичдим! – деб бақирди Шуҳрат.

Шуҳратнинг бақириб жанжал бошлаётганлиги сабабли, катта ўғил Асрор ва синглиси Хуррам фарзандларини олиб уйдан чиқиб кетишди.

– Дада, ойи, менинг уйимда яшаб туринг, – деди Асрор ота-онасига юзланиб.

– Йўқ, сизлар кетаверинглар, мен укангни ташлаб кетолмайман, ахир унинг овқати ва кийимларига қарашим керак, – деди кампир. Чол эса индамади ва ухлаш учун ётоғига кириб кетди.

Шу кундан бошлаб, чол кампирнинг уйида нотинчлик бошланди. Шуҳрат ҳар куни ароқ ичар, чол ва кампирга ароқ учун пул беришини талаб қилиб жанжал кўтарарди.

Бир куни уйига профилактика инспектори кириб келди. У Намоз Обидов бўлиб, ҳудуднинг профилактика инспектори бўлиб ишлаб келаётганди.

– Онахон, ўғлингизни устидан қўшнилардан шикоят тушмоқда. Сизларга азоб бериб келаётган экан. Биз бунга чора кўришимиз керак. Агар у ҳуқуқбузарликлар содир қилишда давом қилса, биз уни муддатидан олдин чиқиш шартларини бузганлиги учун қайта турмага юбориш ҳужжатларини расмийлаштирамиз.

– Йўқ, ўғлим илтимос, Шуҳрат ёмон йигитмас, эн­ди тўғри йўлга киради. Бошқа қамоқда ўтирмасин.

Профилактика инспектори кампир билан анча суҳбатлашди ва бирор натижага эришолмаслигига кўзи етгач кетди.

Асрор ва Хуррам бир неча маротаба чол-кампирни олиб кетишга ҳаракат қилишди. Бироқ, чол ва кампир рози бўлишмади.

Бир куни Шуҳрат маст ҳолда уйга келди ва отасининг яшириб қўйган нафақа пулини излаб топди ва ароқ олиш учун уйдан чиқиб кетди. Бир неча дақиқалардан сўнг қўлида икки шиша ароқ ва Пиво спиртли ичимликларни олиб келди.

– Ўғлим нега нафақамга тегдинг? – деди чол норози бўлиб.

– Гўрингизга олиб кетасизми? – деди Шуҳрат бақириб.

Кампир ошхонадан чиққан вақтида Шуҳрат отасини ёқасидан ушлаб силталаётганди. Кампир ўғлини қўлидан ушлаб ажратмоқчи бўлган ҳам эдики, Шуҳрат уни итариб юборди. Шуҳрат жазавага миниб, муштлари билан билан отасининг юзига ура бошлади ва томоғидан бўғиб:

– Ўлдираман! Ўлдираман! – деб бақирарди.

Кампир бир амаллаб ўрнидан турди.

 * * *

Туман ИИБ биноси навбатчилик қисми олдига келган кампирнинг аҳволни кўрган навбатчи унинг қаршисига чиқди.

– Онахон келинг нимага гап, сизга нима бўлди? – деди навбатчи кампирнинг қон қўллари ва кийимларига ишора қилиб.

– Мен Зумрад Алиева бўламан. Мен ҳозир ўғлимни ўлдирдим, манави темир билан бошига урдим. Ҳозир уйда ўлиб ётибди...

Тезкор тергов гуруҳи зудлик билан билан ҳодиса жойига йўл олди. Кампирда жиноят қуроли темир бўлак ашёвий далил тариқасида олинди. Кампир эҳтиёт чораси тариқасида қамоққа олинди. Тез орада тергов ҳам якунланиб, иш судга оширилди.

Суд жараёнида ҳеч ким марҳумнинг тарафини олмади. Барча қўшнилар, қариндошлар марҳумнинг ёвуз кимсалигини, кампирни жазодан озод қилиш кераклигини илтимос қилишди. Оқловчи ўз нутқида:

– Ҳеч бир она ўз ўғлини ўлдирмайди, бироқ Зумрад Алиева бунга мажбур бўлган. Ўша куни қўшнилар уйда шовқин бўлганлигини, уйга кириб келишганда Шуҳратнинг ўлиб ётганлигини, у отасини уриб ташлаганлиги ва бўғиб ўлдирмоқчи бўлганлигини билдиришди. Судланувчи Зумрад Алиева марҳум ўғли турмуш ўртоғини ўл­дир­моқчи бўлганлиги сабабли, ҳимоя қилиш мақсадида темир билан урган. Агар у шу ишни қилмаганида марҳум ўз отасини ҳам ва судланувчи Зумрад Алиевани ҳам қасддан ўлдирган бўлар эди. Марҳумнинг доим жанжал кўтариши бир неча бор судланганлиги ва айниқса охирги марта ўз танишини пичоқлаб ўлдирганлигини инобатга олсак, унинг ҳаракатларини бошқа йўл билан тўхтатиш имкони йўқ эди. Суддан юқоридагиларни инобатга олишини сўраймиз.

Ниҳоят, суд якунланди. Судланувчига сўнгги сўз берилди.

– Мен ҳам ёшим бир жойга борганда суднинг қора курсисида ўтирибман. Агар ўғлим Шуҳрат бечора мени ўлдирса, қаршилик қилмасдим. Айбсиз бечора отасига қўл кўтариб унинг жонига қасд қилганлиги боис, менинг бошқа иложим қолмади. Ҳеч кимга фарзанднинг қотили деган ном олмаслигини худодан сўрайман. Менга ҳар қандай жазо бераверинг, мен розиман. Мен жазомни олиб бўлган онаман. Балки ўғлимни ёшлигида эркалатмаганимда, унинг болалигидаги, ёшлигида ёмон ишларини шўхликка йўймаганимда бу кунлар бўлмасмиди. Тарбияни нотўғри берибман, балки қайсидир айбим учун шундай бўлгандир. Барча оналар, барча оталар фарзандингизни болалигидан тўғри тарбия беринглар, бировларни алдашни, бировларни мулкига тажовуз қилишига бепарволик қилманг. Агар олдини олмасангиз охири кеч бўлади. Ўғлим Асрор, қизим Хуррам дадангизни асранг, менинг паймонам ҳам яқинлашиб қолган, агар ўлиб қолсам ғамга ботманг, ўзингизни олдириб қўйманг. Асрор сен ўғлим дадангни ёнига кўчиб ўт, ё даданг рози бўлса уйингга олиб кет. Алвидо болаларим. Алвидо отаси... – деди кампир ва у ёғига гапиролмай йиғлади.

Кампирга қўшилиб, қариндошлари йиғлади, қўшнилар йиғлади, гувоҳлар йиғлади, оқловчи йиғлади, прокурор йиғлади, судья кўзини яширди. Ақллар ҳайрон эди, диллар вайрон эди.

Қуёш кўзларини беркитиш учун булутлар ортига ўтди. Булут ортидан қуёшнинг кўз ёшлари ёмғир бўлиб оқди, сел бўлиб оқди.

 * * *

Кампир судьянинг сўзларини эшитмас, маҳзун ҳолда турарди. Шу вақтда суд залида ғала-ғовур кўтарилди. Барчанинг кўзлари қувнади, юзида табассум пайдо бўлди. ИИБ ходими кампирга жилмайиб қараб, суд залидаги панжара эшигини очди ва қўлларини узатиб кампирни чиқишига кўмаклашди. Кампир нима бўлаётганлигига тушунмасдан атрофга олазарак қаради ва ИИБ ходимига юзланиб:

– Ўғлим нима бўлди, тушунмаяпман?

– Сизни суд жазодан озод қилди, энди озодсиз, уйингизга кетишингиз мумкин.

Асрор ташқарида онасини қучиб қулоғига пичирлади:

– Ойижон, раҳмат, мени кечиринг, мени кечиринг...

– Ўғлим, секинроқ гапир, ахир икки ўғлимни ҳам йўқотишни истамайман-ку...

Шуҳрат отасини уриб томоғидан бўғаётган вақтида уйга кириб қолган Асрор темир бўлаги билан Шуҳратнинг бошига бир неча маротаба уриб отасини қутқарганди. Онаси эса уни уйдан чиқиб кетишини талаб қилиб, барчасини бўйнига олган ва ўзи қамалиб кетишга рози бўлганди.

 

  Муаллиф: Равшанбек Игамбердиев 

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech