Вазир ўринбосари Рамазон Ашропов Фарғона вилоятида тергов ходимлари билан учрашиб, муаммоларини ўрганиб, тергов сифатини ошириш бўйича тегишли чоралар белгиламоқда
Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашропов жорий йил 27 январь куни Тошкент шаҳрида Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида Фарғона вилоятида бўлиб турибди.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад — хавфсиз муҳитни шакллантириш бўйича намунали амалиётни жорий этиш, шунингдек, тергов сифатини ошириш ва уни янги босқичга олиб чиқишдан иборат.
Вазир ўринбосари жойларда терговчи ва суриштирувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманида хизмат олиб бораётган терговчилар билан бевосита суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг юритувидаги жиноят ишлари ҳамда терговга қадар текширув материаллари бўйича дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бориш ҳолати атрофлича ўрганилди.
Шунингдек, соҳада йўл қўйилган хато ва камчиликлар, амалиётда мавжуд муаммоли масалалар муҳокама қилиниб, тергов сифатини оширишга қаратилган тегишли кўрсатмалар берилди.
Бундан ташқари, ИИОларида навбатчилик қисмлари фаолияти, “Е-материал” ахборот тизимида қайд этилган жиноятга оид хабарларни қонуний ҳал этилиши ҳамда “Сўровхона”ларда суҳбат ўтказиш амалиётини тўғри йўлга қўйилганлиги ўрганилиб, соҳавий хизмат раҳбарларига топшириқлар берилди.
Шунингдек, тергов сифатини янада яхшилаш, процессуал муддатларга қатъий риоя этиш, терговга қадар текширув материаллари юзасидан қонуний ва асосли қарорлар қабул қилиш, жиноят процесси иштирокчиларининг барча важларини тергов йўли билан ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириш, белгиланган тартибда ўз вақтида хабарномалар юбориш, далилларни ўз вақтида олиш ҳамда уларни расмийлаштиришда процессуал қонунчилик талабларига қатъий амал қилиш, жиноят оқибатида етказилган моддий зарарни дастлабки тергов босқичида ундиришга қаратилган барча процессуал ҳаракатларни амалга ошириш, терговчиларнинг касбий билим ва амалий кўникмаларини мунтазам ошириб бориш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Тергов департаменти