Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Сурхондарё вилоятида тергов сифатини ошириш ва янги босқичга олиб чиқиш, ички ишлар ва прокуратура органларида фаолият юритаётган тергов бўлинмалари ходимларини билим ва малакасини оширишга қаратилган ўқув-амалий семинар машғулоти бўлиб ўтди

Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ва Олий суд билан ҳамкорликда Давлатимиз раҳбари томонидан ўтган йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши йиғилишида ҳамда шу йилнинг 27 январь куни Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш бўйича намунали амалиётни яратиш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида тергов сифатини ошириш ва янги босқичга олиб чиқиш бўйича белгиланган вазифалар ижроси юзасидан Сурхондарё вилояти прокуратурасида ўқув-амалий семинар машғулоти ўтказилди.

Тадбирда Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Рамазон Ашропов, Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев, Олий суд судьяси Фаррух Турсунов, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси масъул ходимлари, вилоят Ички ишлар бошқармаси ва қуйи тизимларининг терговчи ва суриштирувчилари, вилоят прокуратурасининг масъул тармоқ раҳбарлари, туман-шаҳар прокурорларининг соҳавий ўринбосарлари, терговчилари, Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий Маркази Сурхондарё филиали мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Машғулотлар давомида “Жиноятлар ва ҳодисалар тўғрисидаги аризалар, хабарлар ҳамда бошқа маълумотларни қабул қилиш, қайд этиш, текшириш ва ҳал этиш тартиби, шунингдек, мазкур жараёнларда қонунийликни таъминлаш масалалари” мавзусида батафсил маърузалар ўқилди.

Шунингдек, Термиз шаҳар прокуратураси биносида ташкил этилган “Тергов полигони”да тергов ва суриштирувчилар учун назарий ҳамда амалий ўқув машғулотлари ўтказилди.

Тергов сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этган ушбу ўқув-амалий семинарда тажрибали мутахассисларнинг Жиноят ишларини судда кўрилишида тергов ва суриштирув органлари томонидан йўл қўйилган камчиликлар, Терговда рақамли криминалистика ёрдамида электрон далилларни тўплаш ва мустаҳкамлашнинг замонавий усуллари ҳамда Ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилган жиноятлар (кибержиноятлар)ни фош этишнинг ўзига хос хусусиятларига оид мавзулар бўйича маърузалари тингланди. Ўзаро баҳс ва мунозарали тарзида ўтган ушбу тадбирда терговчилар томонидан берилган саволларга батафсил жавоблар берилди.

Ўқув семинар машғулоти якунида, суриштирувчи ва терговчилар суд жараёнларида иштирок этиб, ўзларининг малакаларини ошириш бўйича таклифлар билдирилиб, иштирокчилар томонидан мавзуга доир берилган саволларга масъуллар томонидан атрофлича маълумотлар берилди. Бу каби ўқув йиғинлари доимий равишда ўтказилиши юзасидан келишиб олинди.
Шу билан бирга, Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Рамазон Ашропов ички ишлар органларида фаолият олиб бораётган терговчи ва суриштирувчилар билан суҳбатлашди, муаммо ва таклифларини ўрганиб, тегишли чоралар белгиланди.

Тергов департаменти

Text to speech