Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Бухоро вилояти ИИБда навбатдаги очиқ мулоқот: мурожаатларнинг ҳуқуқий ечими таъминланди

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида аҳолини қийнаётган ҳуқуқий ва ижтимоий масалаларга тезкор ечим топиш мақсадида навбатдаги шахсий қабул ташкил этилди. Вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари - Тергов бошқармаси бошлиғи томонидан ўтказилган ушбу мулоқотда асосий эътибор ҳар бир фуқаронинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилди. Учрашувда одамлар ўзларини қийнаётган муаммолар билан бевосита раҳбариятга юзланиш имконига эга бўлдилар.

Қабул жараёнида йигирмадан зиёд юртдошларимизнинг мурожаатлари бирма-бир тингланди. Уларнинг аксарияти тергов ҳаракатларида холислик ва адолатни таъминлаш, фирибгарлик ҳолатлари оқибатида кўрилган моддий зарарларни ундириш, шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлигига оид масалалардан иборат бўлди. Мутасаддилар томонидан ҳар бир мурожаатчининг дарди диққат билан эшитилиб, уларга амалдаги қонунчилик асосида батафсил ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Мулоқот натижасига кўра, дарҳол ҳал қилиш имкони бўлган қатор мурожаатлар шу жойнинг ўзида қаноатлантирилиб, фуқароларнинг муаммолари бартараф этилди. Қўшимча ҳуқуқий текширувларни ва чуқур ўрганишни талаб этадиган мураккаб ҳолатлар эса алоҳида назоратга олинди. Бу бўйича соҳага масъул раҳбарларга аниқ муддатли кўрсатмалар берилиб, ижроси қатъий назоратга олинганлиги таъкидланди. Бу каби очиқ учрашувлар фуқароларнинг идорама-идора сарсон бўлишининг олдини олиш билан бирга, жамиятда адолат ва қонун устуворлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Text to speech