Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

2021 йил 09 апрель куни ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали Сурхондарёда ўқувчи қизни зўрланганлиги ва 14 ойдан бери зўравонга нисбатан хеч қандай чора кўрилмаётганлиги тўғрисида мақолалар юзасидан РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Термиз шаҳрида яшовчи фуқаро Р.С., Термиз шаҳри бўйича ИИО ФМБ 1-сонли ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унда қизи 2003 йилда туғилган С.Ч.,ни олдиндан таниши бўлган 1994 йилда туғилган Б.Э. исмли йигит 2020 йилнинг январь ойида Термиз шаҳрида жойлашган рестораннинг қоровулхонасида зўрлаб, номусига текканлигини маълум қилиб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан Термиз шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан тайинланган суд-тиббий экспертизанинг 2020 йил 18 март кунги хулосасида фуқаро С.Ч.,нинг баданида тан жароҳатлари ва уларнинг излари аниқланмаганлиги, қизлик пардасининг анатомик бутунлиги бузилганлиги, лекин ҳодиса анча олдин бўлганлиги сабабли бузилиш муддатини аниқлашнинг имконияти йўқлиги кўрсатилган.

Бундан ташқари С.Ч.,дан олинган кийимлар бўйича суд-биологик ва суд-криминалистик экспертизалар тайинланиб, процесс иштирокчилари томонидан тақдим қилинган барча ашёвий далил тариқасида баҳоланиши мумкин бўлган нарсалар олиниб, терговга қадар текширув материалларига қўшилган.

Терговга қадар текширув жараёнида бир қатор тергов ҳаракатлари амалга оширилиб, ишга алоқадор фуқаролардан тушунтириш хатлари олинган. Бундан ташқари мазкур ҳолат доирасида суд-психология ҳамда суд-психиатрия экспертизалари тайинланиб, хулосалари иш материалларига қўшилган.

Мазкур ҳолат юзасидан 16.03.2021 йилда фуқаро Б.Э.,нинг ҳаракатларида жиноят таркиби мавжуд бўлмаганлиги асоси билан ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Термиз шаҳар прокуратураси томонидан 05.04.2021 йилда жиноят иши қўзғатишни рад этиш қарори бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ўтказиш учун Термиз шаҳри бўйича ИИО ФМБга юборилган ва юритувга олинган.  

Мазкур ҳолат юзасидан ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти кўрсатмасига биноан масъул ходимларга нисбатан хизмат текширув тайинланган.

Ҳозирда Термиз шаҳри бўйича ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан 06.04.2021 йилда судга оид қайта комиссион тиббий экспертиза тайинланиб, тўпланган ҳужжатлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика суд-тиббиёт экспертиза илмий-амалий марказига юборилган.

Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда ва унинг якунига кўра қонуний қарор қилиниши таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech