Ғиждувонда 48,5 млн сўмлик наркотик дорилар ўзлаштирилгани фош этилди
Бухоро вилояти.Ғиждувон туман тиббиёт бирлашмаси катталар анестезиология ва реанимация бўлими катта фельдшери лавозимида ишлаб келган фуқаро Я.Р. 2023–2025 йиллар давомида ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, реанимация бўлими ҳамширалари билан жиноий тил бириктирган ҳолда, таркибида гиёҳвандлик воситалари бўлган “Morfin gidroxlorid 1%”, “Promedol 2%”, “Fentanil 0.005%” ва “Omnopon” дори воситаларини қонунга хилоф равишда эгаллаган.
У моддий жавобгар шахс сифатида бирлашма ички дорихонасидан олинган наркотик дорилар ҳисобини юритиш журналлари ва талабномаларига сохта маълумотлар киритиш орқали расмий ҳужжатларни қалбакилаштирган.
Терговда аниқланишича, жами 7 894 дона, умумий қиймати 48 млн 551 минг 667 сўмлик наркотик дори воситалари мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан талон-торож қилиниб, ўзлаштирилган. Шунингдек, кўп миқдордаги морфин, тримеперидин, фентанил ва бошқа гиёҳвандлик моддалари қонунга хилоф равишда эгаллангани аниқланган.
2025 йил 11 июнь куни мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, фуқаро Я.Р.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167, 228 ва 271-моддалари билан айблов эълон қилинган ҳамда “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Экспертиза хулосасига кўра, у гиёҳвандлик касаллигига чалинган ва мажбурий даволанишга муҳтож экани аниқланган.
Жиноят ишининг айрим қисми реанимация бўлими ҳамшираларига нисбатан алоҳида иш юритувга ажратилган. Тергов ҳаракатлари якунланиб, иш суд муҳокамасига юборилган.
Тергов департаменти.