Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Каттақўрғондаги босқинчилик жиноятини содир этган шахслар аниқланди

Самарқанд. 2020 йилнинг 25 апрель куни соат 00:15 да икки нафар номаълум шахслар бош ва қўлларига ниқоб кийиб, темир жисм ва ёғоч таёқ билан қуролланиб, Каттақўрғон тумани Мундиён маҳалласида яшовчи фуқаро Л.Б., нинг яшаш хонадонига қаровсиз ҳолдаги, қурилиши тугалланмаган қўшни уйнинг деворидан ошиб, ғайриқонуний равишда кириб, ётоқхонада ухлаб ётган фуқаро Л.Б., га ҳужум қилиб, қўлларидаги темир жисм ва ёғоч таёқ билан унинг боши ва танасининг бошқа соҳаларига бир неча маротаба уриб, ҳаёт учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, уйнинг ёнида жойлашган хусусий дўконига олиб чиқиб, дўкон кассасида бўлган 2.500.000 сўм пулларини талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинишган.  

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов  бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми “в” банди (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари давомида мазкур жиноятни муқаддам Россия Федерациясида босқинчилик жинояти учун судланган 27 ёшли И.Р. ва 28 ёшли А.З., лар содир этганликлари аниқланган.

Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида А.З., жиноят содир этган куни ўзининг қўлидаги темир жисм мих суғиргични ариққа ташлаб юборганлигини кўрсатиб ўтган. Шундай қилиб, А.З. кўрсатган жойдан ашёвий далил тариқасида қўл қоплар ва бир дона мих суғиргич процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинган. И.Р. ва А.З., лар гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинганлар.

 Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech