Шаршарада “омад” улашиб келган фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Жиззах вилояти. 2023 йил 26 июль куни Зомин тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида 35 ёшли Х.Ш. Зомин тумани “Шаршара” дам олиш маскани ҳудудида таваккалчиликка асосланган ўйинлар ўтказиш мақсадида қимор ўйинларини ўйнаш учун “Омадингни сина” номли ўйин қутисини ўрнатиб, атрофдаги фуқароларни мазкур таваккалчиликка асосланган ўйинга жалб қилиб, ҳар бир иштирокчидан 5000 сўмдан пул қабул қилиб, қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинни қонунга хилоф равишда ташкил қилиб ўтказаётганлиги аниқланган.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида Х.Ш томонидан ўрнатилган бир дона ўйин қутиси, 6 дона рақамли ўйин тошлари ҳамда пул маблағлари ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Зомин тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Х.Ш.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 278-моддаси 1-қисми (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, у гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти