Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Ярим тунда киракашлик қилиб юрган йигитга босқинчилар ҳужум қилди, бунда уларга қизлар ёрдам берган

Тошкент вилояти. 2023 йил 07 июнь куни 24 ёшли Ғ.Б. Тошкент тумани ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унда шу куни соат 01:20 ларда “Spark” русумли автомашинасида йўловчиларни ташиш билан шуғулланаётган вақтида, ТХАЙ йўлининг Тошкент шаҳри Юнусобод тумани И.Каримов маҳалласи ҳудудидан ўтган қисмидан йўловчи сифатида икки нафар номаълум аёллар автомашинасига ўтириб, Қибрай тумани Парвоз маҳалласига олиб бориб қўйишини сўраганликларини, мазкур маҳаллага борган вақтида, аёлларнинг таниши бўлган яна икки нафар номаълум эркаклар унинг автомашинасига чиққанлигини ва уларни “Уч-Қаҳрамон” блок пости яқинидаги ички кўчага олиб борган вақтида, автомашинада йўловчи сифатида кетаётган икки нафар эркак унга пичоқ ўқталиб, қўллари билан уриб тан жароҳати етказишиб, сўнгра зўрлик ишлатиб автомашинанинг орқа ўриндиғига ўтказиб, улардан бири автомашина руль бошқарувига ўтириб, иккинчи эркак эса пичоқ ўқталиб орқа ўриндиқда олиб кетаётган вақтида ундан «Redmi-5» русумли телефон аппаратини ва қўлида бўлган соатини тортиб олишиб, Тошкент шаҳар Учтепа тумани ҳудудидаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шахобчасига кирган вақтларида, у автомашинадан тушиб қочиб кетишига улгурганлигини баён этиб, мазкур номаълум шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни ҳамда автомашинасини топишда амалий ёрдам беришни сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан номаълум шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 267-моддаси 2-қисми “б,в” бандлари (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктирган ҳолда зўрлик ишлатиб транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тергов-тезкор ишлар натижасида, мазкур жиноятни 21 ёшли П.Ф. (эркак), 18 ёшли С.М.(аёл), 22 ёшли Н.Б. (эркак) ва 18 ёшли А.Ю. (аёл)лар содир этганликлари ҳамда жабрланувчига тегишли бўлган автомашинани Зангиота тумани Мустақиллик кўчасида жойлашган уйларнинг бири олдида ташлаб кетилганлиги аниқланган ва автомашина кўздан кечирилиб ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Мазкур жиноятни содир этган шахслар қўлга олиниб, улардан жабрланувчига тегишли бўлган «Redmi-5» русумли телефон аппарати ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган, ҳозирда уларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда юқоридаги шахслар нима сабабдан ушбу жиноятга қўл урганлиги аниқланмоқда.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Муаллиф: Тергов департаменти катта терговчиси

капитан А. Авалбеков

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech