Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Дарёга оқизиб юборилган банкомат

Тошкент вилояти. “Kapitalbank” АТБ амалиёт бошқарувчиси Ўртачирчиқ туман Ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилиб, унда жорий йилнинг 26 январь кунига ўтар кечаси номаълум шахс томонидан Ўртачирчиқ тумани Тошкент йўли кўчасига ўрнатилган “Kapitalbank”га тегишли бўлган баҳоси 145 млн. сўмлик банкомат ўғирлаб кетилганлиги ҳақида маълум қилиб, ушбу номаълум шахсни аниқлаб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўртачирчиқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 169-моддаси 4-қисми “а” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида, мазкур жиноят Ўртачирчиқ туманида яшовчи 24 ёшли Э.А., 22 ёшли С.Н. ва 23 ёшли Ю.Д.,лар томонидан бир гуруҳ бўлиб содир этилганлиги аниқланган.

Тергов давомида, қонунбузарлардан мазкур банкоматни қаерга яширганлари сўралганда, улар банкоматни темир жисм ёрдамида бузиб очишганликлари, бироқ банкомат ичида пул бўлмаганлиги сабабли уни Тошкент шаҳар Бектемир туман ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсига ташлаб юборишганликларини маълум қилишган.

Ҳозирда, ушбу шахсларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech