Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Бўкадаги дўкондан ўғирланган телефонлар "Малика" да арзон гаровга пулланди

Тошкент вилояти. “Сonnect Nano” МЧЖ директори Р.Т. 2022 йилнинг 19 январь куни Бўка тумани ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, аризасида, жорий йилнинг 18 январь кунидан 19 январь кунига ўтар кечаси номаълум шахслар Бўка тумани А.Навоий кўчасида жойлашган савдо дўконига эшикни бузиш йўли билан ғайриқонуний равишда кириб, жами баҳоси 138.805.000 сўмлик турли русумдаги 63 дона телефон аппаратларини, 3 дона планшет ва 1 дона “Lenovo” номли ноутбукини ўғирлаб, ҳодиса жойидан яширинганлигини маълум қилиб, мазкур жиноятни содир этган номаълум шахсларни аниқлаб, уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни 14 ёшли Ў.Ғ., 17 ёшли К.У. ва 25 ёшли Ғ.А.,лар содир этишганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бўка тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан юқоридаги шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда улар гумонланувчи тариқасида жалб этилиб, процессуал тартибда ушланганлар.

Тергов жараёнида аниқланишича “Сonnect Nano” МЧЖга тегишли бўлган 31 дона телефон аппаратларини қонунбузарлар Тошкент шаҳрида жойлашган “Малика” савдо мажмуасига олиб бориб 1.900 АҚШ долларига сотиб юборганлар, қолган телефон аппаратлари эса гумонланувчиларнинг хонадонларидан ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech