Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги делегацияси Интерпол Бош Ассамблеясининг 87-сессиясида иштирок этди

Тадбирда Интерполга аъзо давлатлардан ташриф буюрган 1000 дан ортиқ делегатлар ҳамда полиция органларининг 85 нафар турли даражадаги раҳбарлари иштирок этди.

Унда Жиноят қидирув полициясининг халқаро ташкилоти (Интерпол)нинг Бош котиби Юрген Шток сўзга чиқиб, турли таҳдидлар ва хавфлар мавжуд бўлган ҳозирги пайтда мазкур ташкилотнинг ўрни тобора ортиб бораётганини айтиб ўтди.

Шубҳасиз, Бош Ассамблея сессиясининг кун тартибига қўйилган асосий масалалардан бири Интерпол Ижроия қўмитасига, Президент лавозимига сайловларни ўтказиш бўлди.

Ушбу лавозимга Корея Республикаси ва Россия Федерациясидан номзодлар кўрсатилиб, овоз бериш натижаларига кўра Корея Республикаси вакили Ким Чон Ян Интерпол Ижроия қўмитаси Президенти этиб сайланди.

Бош Ассамблея иштирокчилари кун тартиби лойиҳасини тасдиқлагач, тадбир ўз фаолиятини бошлади. Даставвал режалаштирилган жадвалга мувофиқ, 18 ноябрь куни Ассамблея доирасида делегациямиз раҳбари, генерал-майор Д.Назармухамедов билан Бирлашган Араб Амирликлари Ички ишлар вазири, шайх Саиф бин Зайд Ал Нахаян олий ҳазратлари ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида Ал Нахаян Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Араб Амирликлари учун дўст ва қардош мамлакатлар эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Тадбир чоғида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Д.Назармухамедов Республика ИИВ томонидан давлатларимиз ички ишлар органлари ўртасидаги тўғридан-тўғри ҳамкорлик асоси сифатида Ўзбекистон Республикаси ИИВ ва Бирлашган Араб Амирликлари ИИВ ўртасидаги ҳамжиҳатлик тўғрисидаги Меморандум лойиҳаси тайёрланиб, шайх Ал Нахаян томонидан маъқуллангандан сўнг, Бирлашган Араб Амирликлари ИИВ Протокол хизмати раҳбари Саид Ал Найимига топширилганини қайд этди. Учрашув якунига кўра, томонлар ҳамкорлик борасида бир қатор келишувларни қабул қилишди.

Шу куни делегацияси аъзолари Бирлашган Араб Амирликлари ИИВ Бош инспектори, генерал-майор Аҳмад Носир ал-Раиси билан учрашди. Бирлашган Араб Амирликлари делегацияси раҳбари Интерпол Ижроия қўмитаси сайловларида унинг номзодини қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистон ИИВга миннатдорлик билдирди ҳамда Интерпол Ижроия қўмитасидаги фаолияти давомида Ўзбекистоннинг барча таклифлари ва келгусидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлашини билдирди. Ўз ўрнида, Д.Назармухамедов жиноятчиликка қарши курашиш ва шахсларни қидиришда мамлакатнинг ички ишлар органлари томонидан кўрсатилаётган кўмак учун ташаккур билдирди.

Таъкидлаш жоизки, делегациямиз аъзолари бир қатор яқин ҳамда узоқ хориж мамлакатларидаги ҳамкасблари билан учрашиб, ўзаро ишчан ва самарали музокаралар олиб боришди. Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси ташаббуси ва таклифи билан Интерпол Бош котиби Юрген Шток билан икки томонлама учрашув ташкил этилди.

Интерпол Бош котиби давлатимиз делегацияси аъзоларини Интерполнинг бир қатор тадбирларини, жумладан, семинар ва тренингларни ўтказишга оид ташаббусларини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди. Суҳбат давомида томонлар Интерпол олдида турган долзарб вазифаларни муҳокама қилинди.

Тадбир кун тартибига кўра, делегация раҳбари Туркия ИИВ делегацияси раҳбари Ички ишлар вазирининг ўринбосари Мехмет Эрсой билан ҳам учрашди. Дўстона ва ўзаро ишонч руҳида ўтган суҳбат жараёнида томонлар терроризм ва экстремизм, одам савдоси ва ноқонуний миграцияга  қарши курашишда ахборот алмашинуви, уюшган жиноятчилик ва гиёҳвандликка қарши курашиш ҳамда қидирув фаолияти соҳасида томонларнинг ўзаро ҳамкорлиги ва уни такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Режага асосан, Малайзия Қироллик полицияси бош комиссари Тан Сри Дато Сри Мухаммад Фузи Бин Харун билан Ўзбекистон делегацияси раҳбари ўртасида икки томонлама учрашув ўтказилди. Учрашувда Д.Назармухамедов Малайзия полицияси билан ҳамкорлик масалалари янги поғонага кўтарилганини қайд этди. Ҳар икки мамлакат делегация раҳбарлари келажакдаги ҳамкорликни юқори даражага кўтариш, ўзаро маълумот алмашиш, жиноятчиликка қарши курашиш йўналишида тажрибалари билан ўртоқлашиш масалаларида келишиб олдилар.

Ассамблея доирасида режага кўра, Д.Назармухамедов Афғонистон Ислом Республикаси Ички ишлар вазирининг хавфсизлик масалалари бўйича катта ўринбосари, генерал Ахтар Мохаммад Ибрахими билан ҳам учрашди. Учрашувда Ўзбекистон делегацияси раҳбари томонидан кейинги йилларда ўзбек-афғон ҳамкорлик муносабатлари сезиларли даражада ўзгаргани қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий Осиё минтақасидаги барча давлатлар билан қўшничилик муносабатларини ривожлантиришга, шу жумладан, Афғонистонда тинчликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга устувор ташқи сиёсий масала сифатида қараши билдирилди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ делегациясининг Интерпол Бош Ассамблеясининг 87-сессиясидаги иштироки якуни, шунингдек, ўтказилган икки томонлама учрашув ва музокаралар натижасига кўра зарур тавсиялар ишлаб чиқилди ва бир қатор амалий таклифлар киритилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech